Бюджет назорати ташкилотлари керагидан кўп, аммо халқ пулларининг талон-тарожи камаймаяпти

09.12.2022 11:09

Ўзбекистонда бюджет маблағларининг қонуний сарфланишини назорат қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси, давлат молиявий назорати департаменти, коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат инспекцияси фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Коррупцияга қарши кураш олиб борига бевосита масъул 7 та ташкилот ҳам бор. Бироқ, статистикага кўра бюджет маблағи талон-тарож қилиниши ортиб бормоқда.

Юқорида номи келтирилган 5 та давлат идорасининг асосий вазифаси бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиб бориш ҳамда бу тўғрисида халққа ҳисобот беришдан иборат. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 августда имзолаган “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги «ПФ-6300-сон фармонида тасдиқланган. Ушбу фармонда айтилишича: “2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради».

Модомики, давлат бюджетини назорат қилувчи 5 та орган бўлишига қарамай солиқ тўловчилар пулини ноқонуний сарфлаш, ўзлаштириш ҳолатлари кузатилар экан, нега назоратчиларга ҳам пул сарфланиши керак?

Коррупцияга қарши кураш агентлиги 2021-2022 йилларнинг 7 ойлик даври мобайнида давлат харидлари амалга оширишдаги ҳужжатларни бузилишига оид маълумотларни тақдим этган. Ундаги рақамлар қуйидагича:

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимидаги муассаса ва ташкилотларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 79 та;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва унинг тизимидаги муассаса ва ташкилотларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 79 та;

Халқ таълими вазирлиги ва унинг тизимидаги муассаса ва ташкилотларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 73 та;

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассаса ва ташкилотларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 42 та;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассаса ва ташкилотларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 27 та;

Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 12 та;

Маданият вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларда содир этилган қонун бузилишлари юзасидан 3 та;

Шунингдек, бюджет маблағини ноқонуний сарфланишини назорат қилиши лозим бўлган 5 та ташкилот ўзининг интернет саҳифаларида қонунда белгиланганидек, ўз вақтида ҳисоботларни очиқ жойлаб бормайди.

Фармон ва қарорлар билан қатор вазифалар юклатилган масъул идоралар кўп, самара ва натижа кўринмайди.
Қолаверса Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашувчи 7 тадан ортиқ ташкилот ва давлат органлари мавжуд, аммо халқаро рейтинглардаги вазият бизни хурсанд қиладиган даражада эмас.

Ўзбекистон Коррупцияни қабул қилиш индекси рейтингида дунёнинг 180 давлат орасида 140-ўринни эгаллаб турибди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи бўлимлар давлатнинг бир қанча органлари таркибида ҳам бор.

1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

7. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Бу ҳақида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасида айтиб ўтилган.

Бу давлат органларида фаолият юритаётган коррупцияга қарши курашиш ташкилотлари агентликка қўшимча ёрдам бериши керак, аслида. Чунки ҳар бир ташкилотнинг коррупция бўйича қилинаётган ишлари, ўз органи томонидан тартибга солинса, агентликка бу фақат ва фақат ёрдам бўлади. Лекин бу амалда сезиляптими? Битта "Коррупцияга қарши курашиш агентлиги" бутун жамиятдаги муаммоларга улгурмаслиги мумкиндир, аммо катта-катта давлат органларида коррупцияга қарши курашиш фаолияти йўлга қўйилгани Ўзбекистонда коррупция кўламини камайтиришга керак эмасмиди?

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаши бу ташкилотларнинг барчасини қилаётган ишини мувофиқлаштиради. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органидир. Шундай экан бу ташкилотларнинг барчаси бирлашса, вазият бошқача бўлиши керак эмасмиди, аслида..?

Rost24.uz бир функцияни бажариши юклатилган ва бир-бирини такрорловчи қатор давлат идоралари ҳақида маълумот беришда давом этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар