Музробот тумани собиқ ҳокими Эркин Алимов миллиардларни ўзлаштиргани аён бўлди ва унга нисбатан ДХХ жиноят иши қўзғатди
Қариндошларига ер сотишлар, миллиардлаб ўзлаштирилган пуллар...
Собиқ ҳоким кирдикорлари ишдан бўшатилгач маълум қилинди.
Хабар қилинишича, жорий йилнинг сентябрь ойида лавозимидан озод қилинган Музработ туманининг собиқ ҳокими Эркин Алимовга нисбатан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167, 205 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, у мазкур тумандаги умумий қиймати 1,7 млрд. сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб берган.
Шунингдек, тумандаги банклар унинг яқин қариндошлари номларига турли мақсадларда 166 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратган бўлиб, уларнинг катта қисми муаммоли кредитга айланган. Ҳозирда банк муассасалари томонидан ўз вақтида тўловлари амалга оширилмаган 121 млрд. 406 млн. сўмлик кредит маблағларини ундириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилаётган тафтиш давомида аниқланишича, Алимов иштирокида қиймати 35 млрд. сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилинган. Таъкидлаш лозимки, Эркин Алимов 2010 — 2017 йилларда ушбу Жамият раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Ҳозирда жиноят иши бўйича Жамиятнинг 20дан ортиқ масъул-мансабдор шахслари тергов ҳаракатларига жалб қилинган ва улар Алимовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан кўрсатмалар бермоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Эркин Алимов Музработ туманига 2018 йил июлидан то 2022 йил сентябрига қадар раҳбарлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, бу Сурхондарё вилоятидаги коррупция билан биринчи ҳолат эмас, 2022 йил июнь ойида Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан бюджет ва кредит маблағларини ўзлаштирган 1 нафар собиқ банк ходими ва 7 нафар турли ташкилот ходимлари эҳтиёт чораси сифатида мажлис жараёнидан қамоққа олинганди.
Аввалроқ, аниқроғи октябрь ойининг сўнгги кунларида Ҳуқуқ-тартибот органлари Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, унинг икки нафар ўринбосари ва яна 4 нафар мансабдорни ҳибсга олгани хабар қилинди. Улар «Яшил дунё» савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.