«Бугунги ресурсларни келажак авлоддан қарзга олаяпмиз!»

24.10.2022 10:33

Энергия муаммоси нафақат Ўзбекистон балки минтақа аҳолиси учун ҳам долзарб. Замонавий қурувчиликда бу муаммога энергия тежамкорлик орқали ечим топилган, лекин у ҳали Ўзбекистонда кенг қўлланилганича йўқ.  Қурилиш вазирлиги ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда 2017 йилда 800 та бир қаватли, 2020–22 йилларда эса 22 та кўп қаватли энергия тежамкор уйлар қурилиб эгаларига топширилган. Бу ҳақида Бўстонлиқ туманида, «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ОАВ ходимлари учун ўтказилган семинар-тренинг давомида маълумот берилди.

Ушбу лойиҳа Энергия аудит текширувларидан ўтказилган ва энерготежамкорлик даражаси белгиланган. Уйлар қурилиш нархи ҳозирги кунда фуқаролар томонидан қурилаётган уйлар билан деярли тенг, чунки иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари ва қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари давлат ва БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан беғараз молиялаштирилади.

БМТнинг «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси раҳбари Шерзод Каттахўжаев тадбир давомида айрим саволларимизга жавоб берди:

— Биз Ўзбекистонни табиий ресурсларга бой мамлакат деб биламиз, лекин аввалроқ, «айни вақтда биз табиий бойликларимизни келажак авлоддан қарзга олиб ишлатишни бошладик», деб айтдингиз. Аҳвол шу даражага келиб бўлганми?

— Биламизми, табиий бойликларимиз чегараланган. Қазиб олинган жой ўрнида қайта пайдо бўлиши учун миллион йиллар кетади. Ҳозир уларни жуда тез ишлатиб ташлаяпмиз. Ер бойликларини қазиб олиш — 70-50 йиллар олдин бошланган бўлса, катта қисми сарфланиб бўлинди. Қолгани биздан келажак авлодга мерос бўлиши керак.

Тежаб ишлатмасак, шу зайлда кетаверсак, бармоқ билан саноқли йилга ҳам етмаса керак.

Ўзбекистонда 85% энергия табиий газдан ишлаб чиқарилади. Ҳеч бўлмаганда, тенг ярмини бошқа ресурслар (қуёш, шамол, гидроэнергия (сув) кабилар)дан олсак, бироз бўлса ҳам келажак авлодга қолдирамиз. Айни дамда биз эҳтиёжларимизни келажак авлоддан қарзга олаяпмиз!»

Аслини олиб қарайдиган бўлсак, газ бўлмаса, транспорт тизими, ишлаб чиқариш, саноат, деярли барчаси тўхташи бор гап. Яъни кўп нарса газга боғлиқ эканлигини, у эса тобора тугаб бораётганини тушунишимиз лозим.
— Уйни изоляция қилиш ҳақида гапирилаяпти. У етарлича натижа бера оладими?

— Уйни изоляция қилиш орқали электр ва иссиқлик энергиялари исроф бўлишининг олдин олиш мумкин. Яъни, яшаётган уйингиз изоляция қилинмаган бўлса, иссиқлик ташқарига чиқиб кетаверади.

Буни бир ҳудуд кесимида — Ангрен шаҳри мисолида оладиган бўлсак, у ерда марказлашган иссиқлик тизими йўқ. Бори эскириб бўлган. Шунинг ҳисобига аҳоли уйини иситиш учун кўп ҳолларда иссиқлик печини (газ ҳисобига) ёқиб қўяди. Тўғри, хона исийди. Лекин, деворда тежаш бўлмагандан кейин, иссиқлик кўчага чиқиб кетади ва кўчани иситади.

Кўчага чиқиб кетган ҳаво эса тоза ҳавони заҳарлайди ва оққон касаллигини келтириб чиқаради. 

Агарда, ҳудуд аҳолиси хона деворларини изоляция қилганларида эди, аввало соғлиқ, кейин эса ортиқча сарф масаласининг олдини олган бўлишар эди», - дейди лойиҳа раҳбари Шерзод Каттахўжаев.

«Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ», — дея фикрини давом эттиради у.

— Давлатимиз электр энергиясини аҳолига арзон нархда беряпти, лекин арзон нарсанинг қадри бўлмайди. «Кетса юз минг кетар», дейишадида, ишлатаверишади.

Нархлар оширилса, одамлар «нимага нархини оширяпсан», дейишади. Нарх оширилмаса, сарфи кўпайиб кетади.

Европа давлатларига қарасак, гази етишмайди. Нархи ҳам биздан ўн баравар қиммат. Бизда 1000 куб газ нархи - 30 доллар, четга $150 доллардан сотсак, Европада 2000 доллардан олишяпти. У ерда исрофгарчилик бормикин?» дейди у.

— Уйга 1кВт/соатлик станция ўрнатилса, дейлик. Шунда уйда қайси жиҳозлар ишлайди?

— Агар, бир хонадон 1 кВт/соатлик станция ўрнатмоқчи бўлса, 11 млн сўмдан бошланади. Бир йилга бўлиб тўласа, яна ҳам қулай тушади. Ойига 100 минг сўм электр учун сарфлайдиган бўлсак, йилга 1 млн 200 минг сўм ўзингизга қолади. 1 кВт/ соат энергияга уйингизда: телевизор, 6 та (оқ) лампочка, музлаткич ва кичик энергия сарфловчи нарсаларни ишлатса бўлади», — дейди БМТнинг «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси раҳбари.

Тренинг иштирокчиларини лойиҳа билан батафсил таништириш мақсадида Нурафшон шаҳри ҳудудида жойлашган нархи 150 минг доллар бўлган энергия тежамкор, деярли барча энергияни қуёшдан оладиган уй ҳам кўрсатилди.

Уйнинг том қисмига 375 В.лик 36 та қуёш панели ўрнатилган бўлиб, ортиқча электр энергиясини сотиш ҳам мумкин.

Мутахассиснинг айтишича, ушбу уй бир кунда 10 кВт/соат электр энергиясини сотса, бир ойда 750 минг сўм пул ишлай олади.

 Биламиз, кўпчилик оилалар ойлик даромадларининг деярли 50% қисмини коммунал хизматларга сарфлайди. Айни шу масалада тренингда алоҳида тўхталиб ўтилди ва мутахассислар томонидан 8 та фойдали тавсия берилди.

Агар, қуйидаги тавсияларга амал қилсангиз, ўз харажатларингизни камайтирасиз ва атмосферага тарқаладиган зарарли газларни қисқартиришга ҳисса қўшасиз:

1. Маиший техника жиҳозлари кутиш режимида ойига ўртача 7,3 кВт/соат электр энергиясини сарфлайди. Уларни тармоқдан узиб қўйишни унутманг!

2. Ҳаво совутгичдан фойдаланганда, хона эшиги очиқ бўлган ҳар бир дақиқа учун энергия сарфи 2 баробарга ортади. Эшикларни ёпишни унутманг!

3. Иситиш радиатори орқасидаги деворга иссиқликни қайтарувчи экраннинг (ёки алюминий фольганинг) ўрнатилиши, қишда ички хона ҳароратини 1-2^C даражагача ошишига имкон яратади.

4. Кир ювиш машинасидан фойдаланганда +60^C дан пастроқ ҳароратда кир ювишга ҳаракат қилинг. Бу ҳолда сиз энергия сарфини 30-40% қисқартиришингиз мумкин.

5. «А», «А+”, «А++” категориядаги маиший техника ва электр жиҳозлари ростдан ҳам энергияни тежашга ёрдам беради. «А++” категорияси “C” категориясига нисбатан 50%гача тежамкор.

6. Музлатгични газ плитаси ёки иситиш радиатори ёнига ўрнатманг. Бу музлатгичнинг электр энергияси истеъмолини 20-30% оширади.

7. Овқат пишириш учун сарфланадиган 1 куб метр газ 2-3 кВт/соат электр энергиясига тенг.

8. Битта лампочка мисолида: бир дона энергия тежамкор лампа бир йилда 80 минг сўм иқтисод қилади.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.10.2022 17:47
Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди