Тошкент бош режаси: Ваъдаларнинг навбатдагиси бажариладими?

22.10.2022 22:30

Тошкент шаҳрининг бош режасини қабул қилиш ҳақидаги ваъдалару, лойиҳаларни бир неча маротаба эшитганмиз. Лекин, неча йиллардан буён янграётган бу режалар ижроси ортга сурилаверади, сурилаверади. Бу вақт оралиғида эса, пала-партиш қурилган, шаҳар инфратузилмасига қўшимча юклама, яшиллигига қирғин келтираётган бинолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек, шаҳарни анча тўлдиришга улгуриб қолди. Канализацион тизимлар, энергия эҳтиёжлари, қурилиш меъёрларига тўғри келадими йўқми, улар бунёд бўляпти.

Куни кеча президентга намойиш этилган лойиҳа билан журналистларни ҳам таништирилди.

 «ТошкентбошпланЛИТИ» корхонасида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар томонидан 2 йил давомида ишлаб чиқилган Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган стратегик режаси тақдим этилди.

Одатдагидек, лойиҳада ҳаммаси рисоладагидек:

  • Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.
  • Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, “Park and ride” тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.
  • Биноларга ижтимоий талаблар белгиланади. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси «Янги Тошкент» концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.
Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган. 

                   Режасиз қурилишлар қачонгача давом этади?

Ҳозир кўп қаватли уйлар қуриш осон. Ҳокимни ер ажратиш бўйича қарори чиқарилади, дарахтлар бўлса йўқ қилиш қийин эмас, уларни қуритишади, жаримасини ҳам тўлайверишади, инфратузилма янги юкламани кўтарадими йўқми, фарқи йўқ, бир икки қаватли бино учун мўлжалланган қувур устига 20 қаватли бинони кўтариб, ҳали қурилмасданоқ сотувга чиқарилади.

Rost24.uz мухбири «ТошкентбошпланЛИТИ» корхонаси масъулига «Охирги уч йилда Тошкент шаҳрида қанча кўп қаватли уйлар қурилди, қачонгача бу қурилишлар давом этади?», деб савол берди.

Масъул эса бу бўйича бизга аниқ маълумот беролмаслигини аммо ҳозирги кунда қурилишга топширилиш арафасидаги ҳудудларимиз 80 минг аҳолини ўзига қабул қилиб олишини айтиб ўтди.

 

Биз боғларни, яшил ҳудудларни йўқотдик. Қолаверса эскирган канализация тизимлари, сув, энергия етказиб бериш имкониятлари чекланган. Марказда йирик қурилишларга мораторий жорий қилиш вақти келмадими?

 

Директор ўринбосари Саидаъзим Шарипов бу саволга шундай жавоб берди:

 «Марказдаги йирик қурилишларни шаҳар ташқарисига чиқариш стратегияда ҳам белгиланган. Лекин шаҳар ҳудудида умуман қурилиш бўлмаслигини ҳам иложи йўқ. Электр тармоқлари, сув таъминоти ҳам ҳисобга олинган. Ишимизни эса яшилликдан бошламоқчимиз. Бундан ташқари умумий схемада шаҳар атрофидаги ҳамма ҳудудлардан ўтувчи йўл ҳамда сув бўйларидан ўтувчи яшил камар лойиҳасини ҳам ишлаб чиққанмиз. Ҳозирги яшилликларни ҳаммасини биз ҳимоя қилиш ҳудуди сифатида белгиладик. Бизни стратегиямизда шаҳардаги мавжуд яшилликни ҳеч қандай тегилмайдиган ҳудуд сифатида белгилаганмиз. Биз таклиф қилаётган яшилликларни ҳам шаҳардаги мавжуд яшилликка узвий боғлиқ ҳолда бўлиши керак».

 

Шаҳарда яшиллик тобора камайиб кетяпти.  мутасаддилар тадбирда  Яшил камар лойиҳаси доирасида бир оилага иккитадан дарахт экиш мажбурий бўлади, дейишди. Дарахт экаш қийин эмас, лекин унинг парваришичи? Экилаётган миллионлаб даратлар тақдири уларни ҳам кутмайдими? Стратегик режада шаҳардаги фаровонликни таъминлайдиган жиҳатлар кўп, фақат улар қоғозда қолмаса бўлди.

Бош режа ҳақидаги аввалги ваъдаларни эслатиб ўтамиз:

Бу борадаги топшириқ 2018 йилда берилганди. Ўша йил 17 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги фармонни имзолаганди.

Унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимига 2019 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини; 2019 йил 1 декабрга қадар тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси асосида Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш юкланган. 

2019 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 23-ялпи мажлисида Тошкентнинг бош режасини 2020 йилда жамоатчиликка тақдим этиш режалаштирилаётгани айтилганди. Ўшанда сўзга чиққан амалдор Тошкентнинг бош режаси 2013 йилда ишлаб чиқилгани, бироқ тасдиқланмаганини маълум қилган. Кейинроқ Ортиқхўжаев ҳам бош режа устида ишланаётганини маълум қилган. 

2020 йилда Қурилиш вазирлиги вакили Тошкент шаҳрининг бош режасини 2023 йилда қабул қилиш режалаштирилаётганини айтганди. 2023 йилда Тошкентнинг бош режаси амалда бўлади, деган умиддамиз.
 

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар