Йил бўйи хўрланган тилнинг бир кунлик байрами

21.10.2022 15:39

Миллатимиз тарихига оид миллион-миллион долларлик нодир қўлёзмаларимиз қаерда?

Фақат кутубхоначи айбдорлигига биз ишонмаяпмиз. Қоровуллар, камералар хўжакўрсингами? Миллат тарихига оид китобларни ўғирлаш шунчалик осон иш эканда...

Бугун Ўзбек тили байрами куни. Бу тил хор бўлган, хўрланган, амалдорларнинг, умуман имкон топган ҳамманинг жиғилдонига кириб кетган, битта одамнинг чўнтагидан ҳам қадри паст, ҳеч ким қўриқламайдиган, янглишиб амалга миниб қолганлар устида истаганча тадқиқот ўтказса бўладиган тил.

Миллион-миллион долларлик нодир қўлёзмалари қаерларда ётганини халқи билмайдиган, биладиганлар эса ойлиги кесилишидан қўрқиб индамай ўтираверадиган даражада паст тил. Ўзининг амалини бутун бошли миллат тилидан ҳам юксакларга қўядиган амалдорлари бор бечора тил бу. Отасини, бобосини, ватанини, онасини ҳам сотиб юборадиган, умумий 60-70 йиллик умрини миллатидан, халқидан, келажак авлодларидан афзал биладиган, яна шу ҳолида юксак амалларга ўтириб олган мансабдорларга хор бўлган тил бу. 

Ҳар йили 21 октябрда ўнлаб тадбирлар ўтказиб, шеърлар ўқиб, ота-боболари ёзиб кетганларни ўқиб қўйиш билан эсланадиган, телефонларга тил байрами билан табриклаб, РУС ТИЛИда хабарномалар юбораверса бўладиган ғариб тил бу.

Бутун бошли савдо марказлари бир неча ойда қурилиб ишга тушган жойда, нодир қўлёзмалар музейининг ишга тушиши 4 йиллаб чўзиладиган, ҳатто бутунлай очилмай, китоблари ерда ётган жойида истаган ўғрининг қўлида йўқолиши мумкин бўлган бундай тил бошқа ҳеч қаерда бўлмаса керак.

XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалари бутун бошли давлатнинг Миллий дея аталган университети кутубхонасидан шунчаки ғойиб бўлиб, ўша китобларнинг қаердалигини шунчаки ҳеч ким билмай қўяверадиган миллатнинг тили.

 Бошқа бир миллатнинг қадимий ноёб китоблари учун миллионлаб доллар тўлашга рози бўладиган халққа тил бўлганида не даражаларга етиши мумкин эди шунча қимматбаҳо манбалари билан бу тил?

2006 йил 31 мартда ташкил қилинган Нодир қўлёзмалар музейининг бор ёки йўқлиги ҳозир ҳеч бир масъулни ташвишлантирмаслиги оддий ҳол. Ўшанда Нодир қўлёзмалар музейида 1465 номдаги араб ёзуви ўзбек, форс, туркий, араб ва тожик тилларидаги қўлёзма китоблар, хат ва ҳужжатлар сақланган.

Ҳозирчи? У ердаги 100 дан ортиқ ўта нодир ва қимматбаҳо қадимий китоблар йўқ. Улар орасида ўта ноёб ҳисобланган юқоридаги учта китоб ҳам бор. Уларнинг қаердалиги билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Прокуратура кутубхоначини (АРМ директори) жазолаш билан овора, шу билан вазифа бажарилади. Нафақа ёшига етган аёлга суд ҳукми ҳам анча енгилроқ бўлса керак.

Аммо китоблар қаерда? Аниқ шу ерда турибди деб жар солган ректор Мажидов қани? Нега ҳамма жим? Жазолаш билан иш битади, тамомми? Йиллар давомида вазирликни бошқарган, салобатидан унча-мунча кутубхоначи соясига салом берадиган Иномжон Мажидовни шундай китоблар йўқ бўлиб қолишига четдан кузатувчи бўлганига ишонгинг келмайди.

Бир вақтлар юртимиздаги мақбаралардан олтин ёмбилар, қимматбаҳо осори атиқалар пичоқ билан чиқариб олиб кетилгани айтилиб, душманларни айблардик алам билан. Эндичи? Душман йўқку, ўзимизни ўзимиз қиряпмизми?

Иномжон Мажидов

Айтишларича, исми сир қолишини истаган университет яна бир ходими нодир қўлёзмалар йўқолишига доир ишлардан барча раҳбар ходимлар хабардорлигини айтган. Айни вақтда ЎзМУ ректори ҳисобланган собиқ Олий таълим вазири Иномжон Мажидов бу хабар кенг жамоатчиликка етиб бормаслигини хоҳламоқда.

Аваз Мараҳимов

«Ректор вазирликка қайтиши мумкин, у «мен кетгач, иш очиб охирига етказаверасизлар», - деган. Чунки, нодир қўлёзмаларнинг йўқолиши собиқ ректор Авазжон Мараҳимов даврига бориб тақалади. Шунинг учун жорий йил сентябрда нодир қўлёзмалар музейини тиклаш бўйича вазирликдан келган топшириқни бажариш ҳам пайсалга солинмоқда», деган университет ходими. Аваз Мараҳимов эса, айнан Иномжон Мажидов билан бир вақтда вазирликда фаолият олиб борган раҳбарлардан. У Халқ таълими вазири, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари каби лавозимларда ҳам фаолият олиб борган, тизимдаги кўп йиллик раҳбарлик тажрибасига эга "ноёб" амалдорлардан саналади.

Ҳозирда кутубхонада XII-XIX асрларга оид 56 та қўлёзма ва 6 та тошбосма асарлар йўқолгани аниқланган. Доимгидек, қармоққа энг кичик "балиқни илинтиришган" ва бу масалада фақатгина Ахборот-ресурс маркази директори қамоққа олинган. Ирина Кислицинанинг қизи Светлана Нишанбаева онаси бу китобларнинг йўқолишига алоқаси йўқлигини билдириб, ёрдам сўраб президентга мурожаат қилган эди.

Нима бўлганда ҳам, қанча факт келтирилганда ҳам, ўша китоблар йўқ.

ОАВларга бошқа китобларни кўрсатиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи бўлган, чиқишлар қилиб дағдаға қилган ЎзМУ ректорати ва ректори эса индамай қўяқолди, ёлғонлар учун ҳам жавоб беришмайди гоҳида бу юртда. Чунки, вақт ўтгач эсдан чиқади, деб ўйлашади. АРМ директорини жазолаган билан нима ўзгаради? Ўша китоблар учун чиндан жон куйдираётган бирор амалдор борми? Йўқ, ҳозирча кўрмадик.
 

Йўқ, қони чинданам тоза ўзбек бўлган инсон бундай қилмайди. Чўнтагини ўйлаб миллионлаб доллар учун бутун бошли миллатни сотиб юборадиганлар фақат ўша бизни мустамлака қилган миллатларнинг билиб-билмай юртимизда қолдириб кетган авлодлари бўлса керак. Акс ҳолда фақат пул учун минглаб йиллик тарихга эга юртини сотмаган, яна индамай амал курсиларида ўтираверишмаган бўларди.

Бечора тилимиз эса бугун байрам қилмоқда. Она тилим, сени бир тийинга олмайдиган амалдорларинг бор экан, ҳали кўп хўрланасан, ҳар байрамингда ўтмишимизни эслайверамиз, тадбирлар ўтаверади, эртаси куни эса, фақат хорижий тилда бўладиган, ўзбекча бирон жумла янграмайдиган халқаро деб аталмиш анжуманларни бошлаб юбораверамиз...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.11.2022 12:33
Qo'lyozmalarni o'g'irlab chet mamlakatga, chiqarib sotish covetlar davrida ham keng tarqalgan "tijorat" bo'lgan, bu hozir ham davom etib kelayapdi, bu qo'lyozmalar juda katta pul bo'ladi(mln.dollar).
23.10.2022 05:07
Ўз вақтида эълон қилинган мақола. Аччиқ, лекин очиқ. Сотқин амалдорларнинг пешонасига шундай мушт тушириб туравериш кекрак. Бир кун кўзи очилар.
22.10.2022 01:33
Kitoblarni izlab topish kk tergovni kuchaytirish kk deb o‘ylayman
21.10.2022 22:50
Ҳар доимгидек октябрь ойида 4-5 кун эсланади,кейин ,кейинги октябрга қолади.
21.10.2022 22:13
Dabdalasi chiqmagan qaysi soha qoldi.