Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов мактаблардаги ўқитувчиларнинг салоҳияти талаб даражасида эмаслигини тан олмоқда
Янги вазир бу муаммони бартараф эта оладими?
3 млн.га яқин ўқувчи-болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас, деяётган Халқ таълими вазирлиги нима қилмоқда?
Жорий йил 30 апрель санасида Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ўз расмий саҳифасида халқ таълимидаги баъзи бир муаммоларни ҳақиқатда бор эканини "тан олган" мазмунда фикрларини баён этди.
Ўз фикрларида мактабдаги таълим сифати, энг аввало, шу мактабда ишлаётган ўқитувчилар сифати ва савиясига боғлиқлигини вазир тан олмоқда.
"Даставвал, мактабда таълим сифати энг аввало шу мактабда ишлаётган ўқитувчилар сифати ва савиясига боғлиқ. Зеро, таълим сифати – ўқитувчи сифатидан юқори бўла олмайди.
Бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчиларимиз фаолият юритади. Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларимизнинг салоҳияти талаб даражасида эмас.
Бу дегани деярли 3 млн.га яқин ўқувчи-болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас.
Шундан келиб чиқиб, вазирлик биринчи галда мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш ва уларнинг доимий малакасини ошириш, улар учун узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олди", демоқда вазир.
Вазир Бахтиёр Саидов ўзи тан олган муаммо ечимини ҳам беришга умид қиламиз... Кўрамиз, кузатамиз.