АҚШнинг Тошкентдаги Бош консули Роберт Романовски «Америка Овози» билан суҳбатда тасдиқлашича, унинг идораси ҳозирда тўлиқ ишга қайтган. Коронавирус пандемияси сабаб икки йил мобайнида фаолияти чекланиб қолган консуллик эндиликда Ўзбекистон фуқароларига но-иммиграцион ва иммиграцион визалар бериш билан банд. 2022 йилда грин-карта лотереяси ютганларнинг аризалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Суҳбатдан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз.
Тиқилиб қолган мурожаатлар масаласини ҳал қилиш биз учун бирламчи масала. Бироқ ўтган ойлар ичида жуда катта сонда одамларга хизмат кўрсата олдик. Ходимларимиз тиним билмай ишлашяпти.
Кўпчилик визалар ва грин-карта билан боғлиқ мурожаатлар қолиб кетганидан норози. Тиқилиб қолган илтимос ва сўровлар... Қанча улар?
- Бу фақат Ўзбекистонда эмас, дунё бўйлаб катта муаммога айланди. Минглаб аризалар ҳақида гап кетмоқда. Янги аризалар кириб келаверди, биз эса қўлимиздагини вақтида кўриб чиқа олмадик. Минглаб мурожаатлар қолиб кетди. Август ойидан бери лекин Ўзбекистонда биз бу сонни икки баравар камайтирдик. Бу орада хизматларимизни ҳам тиклай бошладик. Ишимиз бир дунё. Ҳам қолиб кетганини битиришимиз керак, ҳам янги аризаларни кечиктирмай кўриб чиқишимиз керак. Тиқилиб қолган мурожаатлар масаласини ҳал қилиш биз учун бирламчи масала. Бироқ ўтган ойлар ичида жуда катта сонда одамларга хизмат кўрсата олдик. Ходимларимиз тиним билмай ишлашяпти.
Туристик, талаба ва бизнес виза сўраб келаётганларнинг сони бағоят юқори. Онлайн учрашув белгилаш жуда қийин. Бу катта муаммо эканини тан оламиз. Биз жараённи осонлаштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Талаб юқори экан, бизга ҳам тиним йўқ. Нормал пайтда бу қадар эмас эди.
Кутиб чарчаганлар кўплигини тушунамиз ва бу чарчоқ асосли. Аммо пандемия сабаб шундай вазиятдамиз. Имкон қадар жараённи осонлаштириш пайидамиз. Ҳар ҳафта янги вақтлар очамиз, интервью учун. Улар тезликда тўлади. Интервьюсиз ҳам виза олиш мумкин. Бундай имконият ҳам таклиф қиламиз. Олдин виза олган, қоидаларни бузмаган бўлса, масалан, турист визасида бориб келган шахс бўлсангиз, учрашувсиз ҳам уни янгилашга топширсангиз бўлади. Бу йўл билан биз одамлар учун қулайлик яратаяпмиз. Ҳар ҳафта шу тарзда визалар бераяпмиз. Учинчидан, фавқулодда сабаб билан виза сўрасангиз, уни ҳам кўриб чиқамиз, аммо сабаб кучли бўлиши керак. Бизга бу борада электрон почтадан ёзинг. Илтимосингизни кўриб чиқамиз.
Университетингизга қайтишингиз керак дарҳол ёки таълим учун тезликда боришингиз лозим. Даволаниш учун ҳам боришга мажбур бўлса кимдир, тезликда виза олиши мумкин. Албатта, ҳар бир ҳолатни синчиклаб кўриб чиқамиз. Лекин сайёҳ сифатида фавқулодда виза ололмайсиз. Масалан, Нью-Йоркка билетим бор, зудлик билан учишим керак, десангиз, текширамиз. Суҳбатга келишингизга тўғри келади. Иммиграцион виза учун топширганларнинг ишидан анча қутулиб олсак, но-иммиграцион визалар учун ҳам кўпроқ вақт ажрата оламиз. Одамлар узоқ кутишга мажбур бўлмайди. Ундай нормал пайтлар яқин, деб умид қиламиз.
Жараён енгиллашиши учун яна қанча вақт керак?
Ёзга бориб, ҳақиқатан ҳам нормал ҳажм билан ишлашга ўтсак керак. Яъни, қолиб кетган мурожаатлар ҳал қилинади ва биз ҳозир тушаётган аризалар билан шуғулланамиз. Айтганимдек, ходимларимиз жуда қаттиқ меҳнат қилишяпти. Талаб ўта юқори.
Иммиграцион визалар учун мурожаатларни кўриб чиқиш узоқроқ вақт олади, кўпроқ ресурс талаб қилади. Туристик виза беришдан фарқи катта. Ёзга бориб, жараён анча осонлашади. Айрим категориядаги визалар учун навбат узун эмас энди, чунки анча ишладик. Бошқалари билан машғулмиз энди. Бугун кўрганингиздек, саёҳат ёки ўқишга бормоқчиман деб виза сўраб келаётганлар талай. Ёзда ишлаб келай деб юрганлар ҳам анча.
Ўзбекистон фуқаролари билан ҳар куни энг кўп юзлашадиган муаммо нима? Жараён тез ва силлиқ кечиши учун улар қандай тайёрланиб келсин?
Учрашув белгилашга қийналишяпти, чунки навбат узун. Маслаҳатим, анча олдиндан ҳаракат қилинг. Афсуски, шунда ҳам иш сиз хоҳлагандек тезроқ кечмаслиги мумкин. Талаб кўп, вақт оз. Виза турига қараб, жараён қийинроқ ё осонроқ... Асосан туристик ва бизнес визасига мурожаат қилишади.
Интервьюга келаётганда одамлар рост гапиришга тайёрланиб келиши керак. Суҳбатда бизни сафар мақсадига ишонтира олмасангиз, виза ололмайсиз. Сиз менга ёқадиган гапни излаб, йўқ нарсани айтмай, айни мақсадни тушунтиринг. Америкага нимага бормоқчисиз, нима сизни у ерга етаклаяпти? Яширманг ёки, менга нима маъқул бўлиши мумкинлигини тасаввур қилманг. Виза бермаслиги мумкин деган хавотир одамларни ёлғонга ундайди. Масалан, бир университетни танлаб, у ерга ўқишга отланиб, виза сўраяпсиз. Ўша ерда яқинингиз бор. Буни яширманг. Бу биз учун муҳим фактор.
АҚШда юзлаб университетлар бор. Сизга қариндошингиз ўша ерда борлиги сабаб бирортаси маъқул келган бўлса, биз буни тушунамиз. Амакингиз ёки акангиз ҳам у ерда эканини билганимиз яхши. Биз буни тушунамиз. Аксинча, яширсангиз, бу қарорга салбий таъсир қилади. Маслаҳатлар талай, лекин энг муҳими - ростгўйлик.
Турист ёки бизнес визасида айрим истиснолар бор. Одатда виза олгач, ўша куни оқшом учиб кетиш мумкин. Талабалар ўқиш бошланишидан бир ой олдин бориши мумкин. Ундан эрта бора олмайсиз. Саёҳат ва меҳнат учун виза олсангиз, муайян қоидалари бор. Ёзилган бўлиши керак. Сайтимизда ҳам бор бу информация. Бизга ёзсангиз ҳам бўлади.
Рад этилишнинг асосий сабаблари нимада?
Виза категориясига боғлиқ. Иммиграцион визалар аксарият ҳолларда берилади, чунки аризалар аллақачон АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати текширувидан ўтган. Бизга келади улар. Умуман олганда, улар қабул қилинади.
Талаба ёки иш визаси сўраётган бўлсангиз, турли жиҳатлари кўп. Энг кўп кузатиладиган сабаб, турист ёки бизнес визаси учун рад этилганида, масалан, сиз консулни АҚШдан қайтишингизга ишонтира олмагансиз. Но-иммиграцион виза сўраётган одам ватанга албатта қайтишини асослаб бериши керак. Яъни, сиз иммигрантга айланишга бел боғламагансиз. Биз шундан шубҳаланамиз. Интервьюга келганингизда, сиз билан гаплашаётган ходим сиз Америкага вақтинча кетаётганингизга ишонч ҳосил қилиши керак. Бизнес, яқинларингизни кўриш ёки айланиш - сиз қайтишингиз шарт. Агар савол-жавобда шу аниқлашмаса, ҳар ҳолда виза сизга рад этилади.
Молиявий статус бу ерда қанчалик муҳим? Ҳатто бизнес учун боришга уринган ўзбек бойлар бор, виза олишолмаган.
Ҳар бир ҳолат ўзига хос. Бир-биридан фарқ қилади. Виза олаётганлар орасида бадавлатлари кўп. Ҳар хил одамлар келишади ҳузуримизга. Ҳар бир аризани изчил кўриб чиқамиз. Консулликда ишлаш шуниси билан қизиқ. Ўзбекларни АҚШга турли сабаблар етаклайди. Спорт мусобақалари, алмашинувлар, оила, бизнес... Ажойиб сабаблар. Икки дунёни боғлаб турган омиллар.
Ўқиш учун, агар қисқа муддатли курсларга бормоқчи бўлсангиз, кўпинча рад этиласиз. Тил курслари ёки семинарларга . Лекин агар бакалавр, магистр ёки докторантурага кирсангиз, виза олиш эҳтимолингиз юқори, шундайми?
Талаба визаси учун биринчидан, сиз айнан ўқиш учун кетаётганингизни исботлашингиз керак. Жиддий талабасиз, ягона мақсад - билим олиш. Сиз университетда ўқийсиз ва таълим дастури асосида иш тутасиз. Сиз ўқишга тайёрсиз, биз бунга ишонч ҳосил қилишимиз керак. Яна бир талаб, сиз бу вақтда ўзингизни молиявий жиҳатдан эплай оласиз. Ўқиш учун маблағ бор. Статистикани ҳозир кўрсата олмайман, лекин тўрт йиллик ўқишга кирган бўлсангиз, ишингиз осонроқ кечади, деб ўйлайман.
Инглиз тилини ўрганаман деб қисқа курсларга бормоқчи бўлсангиз, нега айнан у ерга деб сўраймиз. Чунки бу курсни бошқа жойларда ҳам олиш мумкин. Йўл узоқ ва бу дастурлар арзон эмас. Яъни қисқа курсларга бориш бакалавр ёки магистрлик учун боришдан қийинроқ.
Грин-карта лотереясини ютиш грин-карта олишни кафолатламайди
Бу сайтимизда, Давлат департаменти саҳифасида ҳам айтилган. Грин-карта лотереясини ютиш сиз суҳбатга чақириласиз ёки грин-карта оласиз, дегани эмас. Кафолат йўқ буларга.
Ютиш бу сизга иммиграцион виза учун анкета тўлдириш имкониятини беради. Ҳаммаси жойида бўлиб, жараён бошланса, интервьюга таклиф қилинасиз.
Бироқ бунинг ортида қатор омиллар бор. Биз ҳозир айнан мана шу масалалар устида ишлаяпмиз. Ҳар ой грин-карта лотореяси ютганлар билан суҳбатлар қиламиз. Ҳар куни қилолмаймиз, чунки бошқа мурожаатлар, бошқа визалар бўйича аризалар бор. Кимдир турист сифатида, кимдир оиласи учун бормоқчи. Лекин, айтганимдек, бу йил грин-карта учун икки карра кўпроқ мурожаатларни кўриб чиқаяпмиз.