Бугун Тошкентда яна 12 минг аҳоли адолатсизликнинг, коррупциянинг, непотизмнинг қурбони бўлди

29.09.2021 01:10

Бугун, Тошкент вилоятида маъмурий ишлари бўйича Нурафшон туманлараро судида бўлиб ўтган суд ишида 12 минг аҳолининг эмас, балки биргина "тадбиркор" фойдасига қарор қабул қилинди

Аҳоли дардини оққа кўчирдик:

Агар жамиятда КОРРУПЦИЯ илдиз отмаганида мактаб ва боғчасиз қийналаётган аҳолининг дардини амалдорлар эшитар эди. Катта минбарларда айтилаётган адолат сўзига оддий аҳоли ҳам ишонган бўларди.

Агар жамиятда АДОЛАТ бўлганида, бугун судда 12 минг аҳолининг манфаати учун мактаб қуришга жой ажратиб берилар, аксинча, бойлар учун уй қуриб, катта манфаат кўрмоқчи бўлган зодагоннинг қурилиш ишларини ноқонуний, деб тўхтатган бўлар эди.

Агар жамиятда МАНФААТПАРАСТЛИК авж олмаганда эди, катта йўлдан ўтиб, узоқ мактабга қатнаётган, ёлғизгина боласидан бугун она айрилиб, зор йиғламас эди. Яна қанча фожиалар, қанча инсонларнинг қийналишининг аввалдан олди олинган бўларди, аммо афсуски…

Агар жамиятда НЕОПОТИЗМ бўлмаганида фарзандлари учун жон куйдираётган, оталар, оналар “...Бизда доим ё заринг, ёки зўринг бўлиши керак. Мана шу мактаб ерини олиб қолишга уриниш Назарбек қишлоғи ёшлари учун ҳам келажакда Ўзбекистонда таниш-билиш топишга уринишга ундайдиган воқеа бўлди. Раҳмат “катталарга”. Юзлаб болалар мактабсиз қолганига,аҳолига керакмас шу уйлар, мактаб боғча керак, деса ҳам, аҳолининг илтимоси ва қарорларини назарга илмаган, дарди фикри пул топиш бўлган бундай инсонларга айтадиган сўзимиз: Каттаконларингизга ишониб Ўзбекистонни ҳам сотиб юборинглар. Халқ ҳам одамми? Ўқимаса ҳам бўлади. Сизлар эса соққани  қилинглар, соққани. Босингизлар...” дея умидсизликка тушмас эди.

***

Йиллар давомида Назарбек қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5 та маҳалланинг 12 минг нафар аҳолиси мактаб ва боғчасиз қийналади. Болалар катта трасса ва хавфли йўллардан ўтиб узоқ йўллардан мактабга қатнашга мажбур бўлмоқда. Афсуски, мактаб ўқувчилари орасида бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлган. Аммо, аҳолининг мактаб ва боғча сўраб қилаётган мурожаатларини инобатга олаётгани йўқ.

Зангиота тумани, Назарбек ҚФЙ, “Фаробий” маҳалласида Президентнинг "Беш ташаббус" лойиҳаси асосида  кутубхона, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзаси, спорт иншооти қуриш учун ажратиб берилган қурилиш ишлари мақсади тўлалигича ўзгариб кетди.

Республика прокуратураси жавобига кўра ноқонуний қарор чиқарган Зангиота тумани ҳокими 12 минг нафар аҳолини мактаб ва боғчасиз қолдирган. Назарбек ҳудудига кирувчи 4 та маҳалла – Фаробий, Назарбек, Қиргузар ва Аҳилобод, қўшни Найман МФЙда жами 12000 нафардан зиёд аҳоли яшайди, шундан 2876 нафари мактаб ўқувчилари, 2374 нафари эса 7 ёшгача болалар, 1101 нафар боғча ёшидаги болаларни ташкил этади. Улар ҳозиргача мактаб ва боғчасиз яшаб келмоқда.

Ҳудуддаги ягона бўш қолган ва собиқ иттифоқ давридаёқ мактаб учун ажратилган ер Зангиота туман ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчиликка зид равишда тадбиркор учун замонавий турар жойлар қуриш учун ажратиб берилган.

Энг қизиғи, туман ҳокимининг қарори Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Зангиота туман прокуратураси томонидан амалдаги қонунчиликка зид экани кўрсатилиб, протест киритилган бўлса-да, тадбиркорлар қурилиш ишларини бемалол давом эттирди.

Зангиота туман ҳокимлиги Президентнинг беш ташаббусга оид фармони юзасидан мактаб, боғча, кутубхона қуриш учун тадбиркорга ерни 0 қийматда берган. Бир ҳафта ўтиб эса, туман ҳоким ер учун чиқарган қарорини “замонавий турар жойлар” қуриш учун кўринишида ўзгартиради.

Оқибатда тадбиркор 2.21 га. ернинг 90 фоиз қисмига замонавий турар жой қуришни бошлаб юборган. Мактаб, боғча, кутубхона қуришни ваъда бериб ернинг асосий қисмига замонавий турар жой қураётган тадбиркор устидан норози бўлган фуқаролар бугун додини қаерга айтишни билмай ҳайрон.

Тадбиркор “бу ерга хусусий мактаб ва боғча қуриб берамиз” дея ўзини оқлашга уринмоқда. Агар ҳақиқатдан қурилаётган “коттеж”лардан ортган қисмига хусусий боғча ва мактаб қурган тақдирда ҳам бу жой фақатгина тадбиркор томонидан қурилаётган мана шу янги уйларда яшовчилар эҳтиёжларидан ортмайди. Ваҳоланки, бу жой тўлалигича давлат боғчаси ва мактаби қурилиши учун мўлжалланган эди. Чунки бу ҳудудда 10 мингдан ортиқ ўртаҳол ва камтаъминланган аҳоли яшайди. Худди шу аҳоли учун айнан шу ерга давлат мактабига эҳтиёж жуда катта эди.

Маҳалла фуқаролари мазкур масала юзасидан давлатимиздаги деярли барча инстанцияларга (Президент қабулхонаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Бош прокуратура, қурилиш вазирлиги, адлия вазирлиги, коррупцияга қарши кураш агентлиги) мурожаат қилган. Шунга қарамай муаммо ҳал бўлмади.

Бугун Нурафшон туманлараро маъмурий суди раиси Б.Нормаматов ҳам “Беш ташаббус”нинг мақсадли ишлари учун олинган ерга кутубхона ва мактаб эмас замонавий турар жойлар қурилаётганини оқлаб берди. Судда кўрилиши керак бўлган баъзи ариза ва адвокатлар сўровномаларини асоссиз рад этди. Мактаб деб зорланиб турган халқдан нимадир чиқармиди. Қурилиш бошлаб қўйган шу жойгача ноқонуний етиб келишга кучи етган "тадбиркор" туман суди раисига келганда қаттиқроқ йўталмай қолармиди?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
31.10.2021 00:58
Сизларни маколаларингизни укиб бораман. Тугриси изохларда исм шарфни курсатмаслигингиз жуда яхши. Чунки хамма уз фикрини айта олади
28.09.2021 12:19
Шармандаликдан бошқа нарса эмас!
28.09.2021 08:03
Biz yashayotgan G'allaorol tuman Qo'ytosh mahallasida 6000 dan ortiqroq aholi bor, ularga 3 ta maktab xizmat qiladi, biz tomonga ko'chib kelishsin, ammo gaz yo'q, ertalabdan tappi qilishlari kerak
28.09.2021 07:54
Kasalxonaga kiraverishda ilon tasviri bor. Bu nimani anglatishini bilmayman, ammo sud binosiga kirishda ko'r xotin qo'yilishi bekorga emas ekan
28.09.2021 07:46
O'zbek tili lug'at boyligidan "xalqim" so'zini chiqarib tashlab, o'rniga "xalqum" so'zini allaqachon kiritish kerak edi.