Танқидий мақолалар сабаб заҳарлангани айтилган қўқонлик блогер вафот этди

15.09.2021 19:56

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажоновнинг маълум қилишича, блогер Иқбол Комилжонов 15 сентябрь куни вафот этган.

Бир ҳафта олдин қўқонлик блогер Иқбол Комилжонов заҳарлангани ва оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

«Иқбол Комилжонов 8 кундан бери касаллик билан курашишимизга қарамасдан вафот этди. Ҳозирги кундаги барча диагностик даволаш ишларини амалга оширдик. Афсуски, касаллик ўз кучини кўрсатиб, ватандошимиз вафот этди. Иқбол Комилжонов 7 сентябрь куни оғир аҳволда шифохонага келиши билан реанимацияга олинганди. Унга икки томонлама пневмония, қандли диабетнинг 2-тури, юрак ишемик касаллигининг иккинчи тури ҳамда нафас ва қон айланиш тизимининг бузилиши ташхиси қўйилганди», – дейди Ҳусан Мамажонов.

Иқбол Комилжонов Қўқон шаҳридаги муаммоларни ёритиб борувчи Facebook’даги «Қўқонжоним» гуруҳининг асосий муаллифларидан бири ҳисобланади. У коммунал соҳа, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимидаги муаммолар ёритилган кескин танқидий чиқишлари билан танилган.

Маълум қилинишича, Иқбол Комилжонов қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, соғлиғида муаммолар кузатилгач, 7 сентябрь куни даволаниш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига келган.

Унга ҳамроҳлик қилган яқинларининг таъкидлашича, дастлаб беморнинг овқатдан заҳарлангани тахмин қилинган. Бироқ кейинчалик шифокорлар беморда заҳарланиш аломатлари кузатилмаганини айтган.

«Иқболжонни ўша куни касалхонага ўғли ва жияни билан бирга олиб бордим. Қорин соҳаси ва ичакларида кучли оғриқ борлигини айтди. Лекин ҳуши жойида эди. Қўқондан ўзи келди. Касалхонага ҳам ўзи юриб борди. Мен уни шифохонага жойлаштириб, уйга кетдим. Кечаси аҳволи оғирлашиб қолгани учун реанимацияга олишган.

Эртасига заҳарланишга ўхшаяпти, дейишди. Кейинги куни эса шифокор чиқиб, укам коронавирус бўлганини, сатурацияси 60 га тушиб кетганини айтди. Лекин ўша куни топширган таҳлилларида коронавирус аниқланмади. Шифохонага олиб келганимизда ҳам укамда на йўтал, на иситма, на оғриқ бор эди. COVID-19 ёки пневмониянинг бирорта белгиси йўқ эди. Шифокорлар беморда қандли диабет ва бошқа сурункали касалликлари борлиги учун аҳволи бирданига оғирлашиб қолганини айтишяпти. Иқболжон бир-икки ой илгари коронавирусга чалинганди. Лекин касаллик жуда енгил ўтганди. Шифохонада жой йўқлиги учун уйда даволанганди.

Бир ҳафта олдин Фарғонага келиб, мукофот олиб кетди. Икки кун аввал ҳам кайфияти, саломатлиги жуда яхши эди. Ҳайронман, соппа-соғ юрган одам нега бирданига оғирлашиб қолди?», деди блогернинг опаси Шоира Комилжонова.

Иқбол Комилжоновнинг опаси Хуршида Зокированинг маълум қилишича, блогерга коронавирус асоратлари, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Бемор яқинларининг тиббий экспертиза тайинлаш ҳақидаги сўровлари шифокорлар томонидан рад этилган.

«Укамнинг ҳолатини кўриб, заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилдик. Шифокорларга бизда шунақа шубҳа бор, экспертиза қилиб беринглар, дедик. Улар беморда заҳарланиш белгилари йўқ, экспертиза қилиш шарт эмас, дейишди. Бугун вилоят токсикология бўлими бошлиғи келган экан. Ундан укам заҳарланган бўлиши мумкинми, экспертиза қилдирсак, аниқлаб берадими, деб сўрадик. У экспертиза орқали бемордаги заҳарли моддаларни аниқлаш мумкинлигини айтди. Лекин бу ердаги шифокорлар энди фойдаси йўқ, орадан 4 кун ўтди, осма уколлар қилинди, бари бир қондан ювилиб кетган бўлади, дейишяпти. Шунақа экан, нимага келган кунимиз экспертизага рухсат беришмади?», – дейди Хуршида Зокирова.

Шифокорларнинг таъкидлашича, бемор кўп йиллардан буён қандли диабет билан курашиб келган. Шунингдек, коронавирус инфекциясига чалингач, беморда турли сурункали касалликлар авж олган. У шифохонага ичаклардаги муаммо билан мурожаат қилган.

«Беморнинг яқинлари заҳарланмаганми, деган масалани қўйяпти. Экспертиза ўтказиб беринглар, дейишяпти. Беморда қандли диабет хасталиги бўлган. Қолаверса, у яқинда коронавирус бўлган экан. Инфекция ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланган. Танадаги барча хасталиклар бирлашиб, бош мияга ишемия берган. Бу бош мия қон айланишининг ўткир бузилишини келтириб чиқаради.

Тананинг баъзи аъзоларида чириш бошланган. Ана шу чиришнинг орқасидан заҳар чиққан. Яъни касаллик организмни заҳарлаяпти. Бу ички заҳарланиш, у ташқаридан тушмаган», — дейди марказ шифокори Элмурод Йўлчиев.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси раҳбари Шоҳидбек Аслоновнинг маълум қилишича, Иқбол Комилжоновнинг самарали меҳнатлари инобатга олиниб, «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланган. Шунингдек, у «Энг улуғ, энг азиз» анъанавий танловининг вилоят босқичида «Энг фаол ижтимоий тармоқ гуруҳи администратори» деб топилган.

Манба: “Daryo”

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар