Вакцина олмаган ташкилот ходимларига ишлаш учун рухсат берилмайди(ми?)

23.07.2021 22:02

Оммавий вакцинацияда аҳолини мажбурлаш тўғрими?

Бугун Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Cовид-19га қарши вакциналарнинг аҳоли саломатлигига таъсири мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Rost24.uz жамоаси қуйидаги саволга жавоб олди.

Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган 14 тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт этиб белгиланди. Бу Республика махсус коммиссиясининг 17 июлдаги йиғилишида тасдиқланган эди. Бунга кўра, вакцина олишдан бўйин товлаганларга қандай чора кўрилади?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиги ўринбосари Нурмат Aтабеков юқоридаги саволга жавоб берди. Уларнинг таъкидлашича, аҳоли эмланмаслик туфайли қандай жавобгарлик бўлиши кераклиги бўйича Aдлия вазирлигига топшириқ берилган. Вазирлик буни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқий асосини яратгандан кейин бу бўйича қандай жавобгарлик бўлиши очиқланар экан.

Лекин бу жавобгарлик ишлаб чиқулгунича ҳам қисқа чекловлар ўрнатилиши айтилди:

“Ҳозир биз аҳолини эмлаш учун улар айнан хавф ости гуруҳида эканлигини эслатиш орқали, қолаверса улар аҳолига хизмат кўрсатиш баробарида касалликни юқтириш мумкинлиги, касалликнинг манбаига айланса, одамларга хавф туғдириши мумкинлигини қайта-қайта такрорлаяпмиз. Бу аҳоли қатламини биз эмлашимиздан мақсад, касаллик тарқалиб кетмаслиги ва имкон қадар касаллик манбаини жиловлаш орқали эпидемиологик барқарорликка эришайлик, аҳолида иммунитет таранглигини шакллантириш орқали эпидемик барқарорликка эришайлик деяпмиз. Негаки, биз агар эмланмасак, бунинг устига шу пайтгача касалланмаган бўлсак, биз касалликни юқтириш эҳтимоли юқори бўлган аҳоли қатлами ҳисобланамиз. Касалликни енгил ўтказсак ҳам, шу жараёнда бошқа одамларга юқтириш эҳтимоли жуда катта бўлади. Бу касалликни енгил сиз ўтказсангиз ҳам, бошқа шахсларда бу жараён оғир кечиши мумкин. Вирус ҳар одамга юқиш жараёнида кучини орттиради, буни биз мутахассислар жуда яхши биламиз. Шу нуқтаи назардан, биз эмланиши шарт бўлган аҳоли қатламини белгилаяпмиз.

Мени назаримда, ўша қатлам вакиллари эмланишдан бош тортса, улар ўша фаолият билан вақтинча шуғулланмай туради. Улар уйида ўтиради ёки бўлмаса, одамлар билан мулоқотга киришмайдиган бошқа соҳада вақтинча банд бўлиб туришади. Негаки, биз вазиятни жиловлашимиз керак.

Нима учун мажбурий эмланадиган аҳоли деймиз? Негаки, бу касалликни эмлаш орқали бошқариш мумкин. Чунки, бу касалликни тиббиёт бошқара олмайди, аксинча касаллик бизни бошқаряпти. Коронавирус 13 турдаги бошқариладиган вирус касалликлари қаторига киряптими, демак биз эмланиши керак бўлган аҳолини эмлашимиз шарт!” – дея сўзини якунлади Нурмат Aтабеков.

Якунда шуни айтиб ўтишимиз керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлаш қонунга зид экани ва шундай бўладиган тақдирда ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш талаб этилишини айтганди.

Қуйидаги айтиб ўтилган гаплар эса умуман бошқа. Балки яқин кунларда қонунчилигимизга ўзгартириш киритилар.

Кутамиз, кузатамиз…

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.07.2021 15:20
O‘zbek tili izohli lug‘atidan mantiq va huquq degan nokerak so‘zlarni olib tashlash kerak.
24.07.2021 03:42
Халк учун мажбурийми амалдорлар халк хисобланадими?