Одил Аҳмедов зарбоф тўнга муносиб эмасмиди?

19.06.2021 22:52

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралаш босқичидан шармандали чиқиб кетиши сўнги кунлардаги долзарб мавзу бўлиб турибди.

Тўғри, саралаш ўйинларида вакилларимиз ҳақиқатдан ҳам мухлислар кутган ўйинни кўрсата олишмади. Мураббийнинг тушунарсиз тактикалари, айрим футболчиларимизда ватанпарварлик ҳисси ўлиб бораётганлиги айниқса, охирги ўйинда яққол намоён бўлди.

Яна шу сийқаси чиққан мавзуни ёдга олиб, ўқувчиларнинг медасиги тегмоқчи эмасман. Лекин 19 июнда бўлиб ўтган ЎФА йиғилишида Одил Аҳмедовнинг терма жамоадаги фаолиятига якун ясаганлигининг эълон қилиниши кўпчиликни ҳайратга солди. Вадим Абрамовнинг истеъфоси расман эълон қилинмасдан олдин ҳам аниқ бўлиб улгурганди. Бироқ Одилнинг миллий жамоамиз либосида бошқа ўйнамаслиги кўпчилик учун кутилмаган хабар бўлди.

Терма жамоамизнинг сўнгги сардорини ҳам бехато ҳаракат қилди дея олмаймиз. Лекин бари бир ўзбек футболида унинг ўзига хос ўрни бор эди. Миржалол Қосимовдан сўнг наманганлик чарм тўп устаси, ўзбек футболидаги энг муҳим фигура десак ҳам муболаға бўлмас... 

Айнан Одилнинг муҳим ва чиройли голлари эвазига Ўзбекистон терма жамоаси (2011 йил) Осиё Кубогида илк бор ярим финалгача борганлигини мухлислар яхши эслашади. Нафақат чиройли ўйинлари билан, балки оғир-босиқ табиати билан Аҳмедов юртимиздан ташқари Россия ва Хитойда ҳам ҳурмат қозонди. Россия ОАВда “Анжи” ва “Краснодар”нинг собиқ футболчиси ҳақида ҳалигача илиқ фикрлар билдиришади.

Хўш, 2007 йилдан буён юртимиз шарафини юздан ортиқ ўйинларда ҳимоя қилган ярим ҳимоячи терма жамоадан танқидлар остида кетиши, тўғримикан? Назаримда, Аҳмедов бўлажак ўртоқлик ўйинларимизнинг бирида терма жамоадан муносиб, байрамона кузатилиши лозим. Бунга у муносиб. Гарчи бундан олдин ҳам вакилларимиз Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган бўлсаларда Гейнрих, Шацких ва Карпенко каби футболчиларга зарбоф тўнлар кийдириб кузатилганди-ку.

Нега Одилга шундай ҳурмат кўрсатилмаслиги керак?

Бошқа футболчиларимиз ўйнай олишмаса, Аҳмедовнинг бир ўзи нима қила оларди.

Ориф БАҲРИЕВ

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.06.2021 17:47
Нима учун командага биргина Ахмедов жавоб бди? Ватанпарлик рухида тарбия ва мехр берилмаган фарзандимиздан келажакда Нима кутиш мумкин?.Ахмедов ёшку нимага футболдан кетади.?Шу саволларга жавоб бнрадиган ОДАМ борми?
22.06.2021 13:04
Qadringni bilmoq istasang ketib boq,deyiladi-ku. Or-nomusi,vijdoni bor ekan,o‘zini bilib ketyapti. Qolganlar ham o‘rnak olsin Odil Axmedovdan. Qolganlarga baribir-da. Otning kallasidek oylikni olib yurishaveradi.
21.06.2021 00:05
100% haqsiz o'rtoq jurnalist Odil Ahmedovga nisbatan hurmatim baland