Дин ишлари бўйича қўмита рухсатномасини олиш харажати китоблар нархига таъсир кўрсатмоқдами?

05.04.2021 18:07

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган рухсатноманинг пуллик бўлиши қанчалик тўғри?

Аҳолисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистонда диний-тарбиявий китобларга бўлган талабнинг юқори бўлиши табиий ҳол, албатта.

Аммо талабнинг юқорилиги мана шу тур китобларнинг нархига жиддий таъсир кўрсатиб, китобларнинг қиммат бўлишига сабаб бўлиб қолмаяптими?

Бу турдаги китобларнинг нархлари эҳтиёжманд аҳолини қониқтирадими?

Китоблар нархи билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида пойтахтимиздаги бир нечта китоб дўконларидаги нарх-наво билан қизиқдик.

Ўрганишларимиз натижасида икки ҳолат эътиборимизни тортди. Шулардан, биринчиси, диний-тарбиявий китоблар бошқа тур китоблардан кўра қимматроқ эканлиги.

Хусусан, сотувда “Минг бир ҳадис” китоби 45 мингдан 65 минг сўмгача, худди шу ҳажмдаги китоб шаклидаги Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари 35 минг сўм, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари 20 минг сўм. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Кимёи саодат” асари 65 мингдан 75 минг сўмгача худди шу китоб ҳажмидаги Эврил Туроннинг “Ойнур” асари 30 минг сўм, Ойбекнинг “Навоий” романи 25 минг сўм.

Иккинчи ҳолат эса, эркин савдодаги диний-тарбиявий китоблар нархи нашриётлар қошидаги дўконлардаги нархларга қараганда анча юқори.

Хусусан, “Ҳилол” нашриётининг онлайн дўконида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила” китоби 47 минг сўм пойтахтимиздаги “Чорсу” бозори атрофидаги китоб дўконларида эса айнан шу китоб 95-100 минг сўм, “Олтин силсила – Саҳиҳи Муслим” 4-жуз нашриёт дўконида 80 минг сўм савдо дўконларида эса айнан шу китоб 95 минг сўм, “Минг бир ҳадис” “Ҳилол” нашриётининг дўконида 45 минг сўм эркин савдода эса айнан ушбу китоб 65 минг сўм.

Бир турдаги китоблар нархлари орасидаги бундай фарқларни кўплаб келтириш мумкин.

Диний-тарбиявий китобларнинг нархи юқорилиги масаласида китоб дўкони савдогарларининг муносабатларини ўргандик. Фикрлар хилма-хил.

Сотувчиларнинг қайд этишича, диний-тарбиявий китобларни нашр қилиш учун Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган рухсатномани олиш харажати китоблар нархининг юқори бўлишига таъсир кўрсатмоқда.

Баъзи савдогарлар эса нархларининг юқорилигига китоб тайёрланиши учун сарфланадиган хом-ашё ва диний тарбиявий китоблар устида ишловчилар меҳнати осон эмаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Яна бир ҳолатга дуч келдикки, китоб савдоси билан шуғулланадиган айрим савдогарлар диний таълимнинг ва диннинг бебаҳо эканлигини китоблар нархига боғлади.

Албатта, диннинг қадри бебаҳо, аммо, аҳолининг диний саводхонлигини оширишда, уларнинг диний жиҳатдан илмсиз бўлиб қолишини олдини олишда китоблар нархини одамларнинг даромадига муносиб бўлиши муҳимдир.

Шу ўринда, диний-таълимий китобларнинг бошқа тур китобларга нисбатан қимматлиги, нашриёт ва савдо дўконлардаги китоб нархларида учраётган тафовут юзасидан “Ҳилол нашр” нашриётининг маркетинг бўлими мутахассиси Бунёд Пўлатовга мурожаат қилдик.

Мутахассиснинг қайд этишича, асосан диний-таълимий китоблар нашр этиладиган “Ҳилол нашр” нашриётида китобларга у даражада қиммат нарх қўйилмайди. Нашриёт қошида ташкил этилган сотув дўконларида китобларнинг асл нархларини билиш мумкин. Китобларга савдогарлар томонидан ўзбошимчалик билан қўйилаётган нархлар, жорий йил бошларидан китоблар учун ҚҚСнинг оширилганлиги, диний китоблар нашр этилиши учун Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган рухсатнома, шунингдек, диний китобларни тайёрланишида ишлатиладиган маҳсулотлар учун сарфланадиган харажатлар ушбу турдаги китобларнинг бошқа тур китобларга нисбатан қиммат сотилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, диний китоблар чоп этилиши учун Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган рухсатноманинг китоб ададига қўйилган чеклови (китоб чоп этишда рухсатнома ҳар 5 мингтагача берилади. Кейингилари учун яна рухсатнома олиш талаб этилади) ҳам диний китоблар нархининг қимматлашишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Китоб чоп этилиш жараёнида 5 мингтадан кейин мазмуни ўзгариб кетадими?

Диний-тарбиявий китобларни аҳоли даромадига муносиб нархда сотилишини йўлга қўйиш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича таклифлар билан қизиққанимизда, мутахассис китоб савдоси солиқ идоралари томонидан тартибли назоратга олиниши кераклиги таклифини билдирди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита вакилининг диний-тарбиявий китобларнинг нархи қимматлиги борасидаги билдирган муносабатида қўмита томонидан бу тур китобларга бериладиган рухсатнома харажати китоб нархининг сезиларли даражада оширилишига сабаб бўлмаслигини, нархнинг юқорилигига асосий сабаб савдогарлар томонидан ўзбошимчалик билан қўйилаётган нархлар эканлигини маълум қилди.

Хўш, Диний-тарбиявий китоблар нархини арзонлаштириш ва нархлардаги барқарорликни таъминлашда қандай чораларини амалга ошириш керак?

Зуҳра Алишер қизи

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
07.04.2021 14:00
Китоб чоп этилиш жараёнида 5 мингтадан кейин мазмуни ўзгариб кетадими?
06.04.2021 17:31
Келиб-келиб шуни уйлаб топтиларингми, рост24? Парвардигор Узи куриб турибди, хамма килайотган ишларингни...
06.04.2021 09:46
Биз билмаган мавзу бўлибди. 1.Ислом дининг таълимоти инсонларни жамиятдаги ўз ўрнини тўғри белгилашга хизмат қилади. 2. Оилани мустаҳкам бўлишини, эркак ўз маъсулятини қандай бўлишини бу Дин кўрсатиб қшйган. 3. Тижорат ишларида тўғрилик, инсофлилик бу Дин таълимотида атрофлича кшрсатилган. 4.Парохўрлик энг оғир Аллоҳ кечира олмайдиган иш эканлиги, ҳадисларда кўрсатилган. 5.Ота Она, фарзандлар ҳаққи бу Дин таълимотида, кўрсатиб ўтилган. 6.Қўни қўшничилик, етимлар ҳаққи ҳадисларда айтиб, йўл кўрсатилган. ХУЛОСА: А) Китобларга рухсат бериш учун олинаётган ПУЛлар, китобларни қимматлашувига, Диний китобларни, ахоли ўртасида кенг ёйилишига тўсқинлик қилади. Б) Диний саводсизоик, ахоли ўртасида, дин таъоимотини нотўғри талқин қилинигига, айрим чала мўллаларни пайдо бўлишига олиб келади. В.Вазироар Маҳкамасидаги Диний қўмита, асосан ДХХ, ИИВ ходимларидан таркиб топган ва уларни иш мазмунини нимадан иборат эканлигини таъсавур қилинг. Мана шунақа фикирлар. Соғ бўлинглар.