Хайриддин Султонов ва Сафар Остоновни танқид қилган ёзувчи Ғаффор Ҳотам оламдан ўтди

04.04.2021 07:44

“Сарой ўйинлари” ҳақидаги шов-шувли асарида ёзувчи Ғаффор Ҳотамов Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов ва бошқа амалдорларни қаттиқ танқид остига олган эди.

Адибнинг интернет оламида "Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон"и асари жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Айниқса, Президент девонида масъул лавозимда ишлагани, асар эълон қилинган вақтда ҳам “Ўзбекистон овози” газетасининг бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган даврга тўғри келгани жамоатчилик орасида бу асарга нисбатан қизиқишни янада оширган.

Очиқ ошкора ёзиш катта жиноят саналадиган, айниқса, бундай ҳикоя ва эсселар битган ҳар қандай ёзувчи учун турли тўсиқлар қўйилиши аниқ бўлган даврда сарой амалдорларининг ички ишлари, юқори лавозимли давлат амалдорларининг турли найранглари ҳақида ошкора асар битиш қаҳрамонлик билан баробар бўлган. 

Кейинчалик ушбу асар суд томонидан туҳмат ва ҳақорат унсурлари мавжуд, деб топилган.

Мазкур асар ва адибнинг сўнги ҳаёти ҳақида сайтимизда тез орада мақола эълон қилинади. 

Ғаффор Ҳотамов 1953 йилнинг 25 апрелида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Ғужбоғ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1974 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг филология факултетини тугатган.Меҳнат фаолиятини республика болалар газетаси таҳририятида бошлаган. «Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталари, «Ёшлик» журнали таҳририятида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилган.Кейинчалик «Ёшлик» журнали ҳамда «Туркистон» газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлади.Ғаффор Ҳотамовнинг дастлабки ҳикояси «Тонг ва шом» 1976 йили «Гулистон» журналида, 1978 йили эса «Хат ташувчи бола» номли илк ҳикоялар тўплами нашр этилган.1980 йил Ғаффор Ҳотамовнинг «Қайтиш», 1985 йил «Қудуқ тепасидаги ой», 1998 йили «Азал ва абад», 1990 йили эса «Тоҳир ва Зуҳранинг кулмаган бахти» қиссалари «Ёшлик» журналида эълон қилинди.Ёзувчининг ҳикоя, қисса ва бадиалари кейинги йилларда «Кунтуғмишнинг кулмаган бахти», «Биринчи муҳаббат қиссаси», «Кеча ва бугуннинг сабоқлари» номи остида китоб ҳолида нашр этилган.1977 йилда адибнинг «Янги ой чиққан кеча» романи «Ёшлик» журналида эълон қилинди. Айни пайтда у қатор бадиалар ҳам ёзди.Ғаффор Ҳотамов «Қудуқ тепасидаги ой» қиссаси ва «Эврилиш» бадиаси учун Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган. Унинг асарлари қатор хорижий тилларга таржима қилинган.

2021 йил 4 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар