“Ҳатто ўзини дунёга олиб чиқолмаётган ижодкорлар билан Навоийни қандай қилиб дунёга танитиш мумкин?”

08.02.2021 12:00 - 435

Бугун Алишер Навоийни жаҳон биладими? Буюк алломанинг бизга қолдирган маънавий бойлигини унинг ҳаёт йўлини қанчалар жаҳон адабиётшуносларига танита олдик? Бу борада давлат миқёсида қарор ва фармонлар чиқарилган бўлсада, ижроси қониқарлидек кўринмайди.

Таржимон, шоир, бир қанча ўзбек ва инглиз тилидаги шеърий тўпламлар муаллифи Аъзам Обидов Алишер Навоий номи ва ижодини жаҳонга танитиш масаласини кўтармоқда. У “битта ижрочи директор, битта мутахассис ва ҳисобчи билан Навоийни дунёга кўрсатиб бўларканми?” деган саволни ўртага ташламоқда. Унинг фикрича бугун ҳатто ўзини дунёга танита олмаётган қаламкашлар Навоийни ҳам мамлакат ташқарисида танита олмайди. “Ҳеч йўқ Ойбекнинг камида 20 та чет тилига ўгирилган “Навоий” романини қайта нашр этиб, “тайёр маҳсулот”ни жаҳон бозорига олиб чиқишни билмаётган ижод аҳли билан Навоийни дунёга таратиб бўларканми?”, дейди Обидов.

Таржимон Аъзам Обидов ўз фикрини қуйидагича ифодаламоқда:

“Таржимони, адабий агенти, адабиий лойиҳалар координатори бўлмаган, халқаро адабий муносабатларни йўлга қўйишга ҳафсаласи йўқлар-у ақалли 1 фоизгина ижодкори бирор хорижий тилни ўрганишга астойдил киришмаётган, ҳатто ўзини дунёга олиб чиқиб билмаётган ижодкорлар билан Навоийни қандай қилиб дунёга танитиш мумкин?

Бирор жиддийроқ халқаро тадбир ўтказиш учун ойлаб Вазирлар маҳкамаси, президент қарорини кутиб ўтирадиган ташкилотлар билан бирор нарса қилиб бўлармикин?

Бир дона бўлсин йиллик халқаро шеърият фестивали, биттагина халқаро ёзувчилар фестивали, бир дона халқаро ижод уйи, икки дона халқаро резиденция дастури (ҳар тугул бир дона бўлса ҳам ўзимизнинг мустақил, бюджетдан бир тийин ҳам олмайдиган, волонтёрликка асосланган резиденция дастуримиз мавжуд!) йўқ мамлакатда Навоийни оламга тарғиб қилиб бўларканми?

Чет элларда Навоий институти бўлмаган, хорижликларни таржимага қизиқтира олмаган, халқаро алоқаларга очилмаган халқ ижодкорлари билан Навоийни жаҳонга кўрсатиб бўлармиди?

Энг муҳими, мулоқотга очилмаган, юзма-юз учрашувдан қочган, ўзи қилиши вазифа этиб юклатилган энг долзарб ташаббусларни “бошингизни оғритиб нима қиласиз?” дея игнор қилаётган, адабиёт, санъат ва маданият эркин бўлсагина ривожланишини умуман тушунишга ақли етмаётган, бу борада тегишли қонунлар ишлаб чиқмаётган давлат ҳокимияти органлари, агентликлар, уюшмалар билан Навоий шуҳратини олам ичра пайдо, жаҳон аҳлин унга шайдо эта олармиканмиз, ё Худойим!” деб турган пайтим», деб ёзади Аъзам Обидов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар