Ўзбекистонда янги гиёҳванд модда оммавий равишда, қонуний тарқатилмоқда...

18.01.2021 08:15

Олий Мажлис депутатлари эса нима учундир буни сезишмаяпти
 

Тошкент шаҳар ИИБ маълумотига кўра, мактабда рейдлар ўтказилганда ўқувчиларнинг чўнтакларида «UzBAT» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «LYFT» маркали, Ҳиндистонда тайёрланган «COOL LIP» никотинли "снюс"лар топилган.

Бунда ўқитувчилар баъзи бир ўқувчиларнинг дарсда ўзини ғалати тутишларини: бефарқлик, ўзлаштириши пастлигини қайд этадилар. Кейинчалик бундай хулқ-атвор бу ўқувчиларнинг никотинли "снюс" истеъмол қилиши билан боғлиқлиги аниқланган.

***

Упа, ширинлик шаклида, ёқимли ҳид ва таъм берадиган ваниль, шоколад, ментол таъмли никотинли маҳсулотлар (никотинли "снюс") бугун ёшлар орасида оммалашиб бормоқда.

Афсуски, ҳозир тамаки маҳсулотининг бу янги кўринишига қарши курашишда қонунчилигимиз ожизлик қилади. Бу никотинли маҳсулотларнинг реклама ва акцияларига ҳам аслида чекловлар бўлиши керак. Лекин, дўконларда уларни ёрқин тарзда, кўринарли ерга жойлаштирилганига гувоҳ бўламиз. 

Ёшлар кўп борадиган чакана савдо дўконларида тамакили ва никотинли маҳсулотларни реклама қилиш ва сотувларини рағбатлантириш, маҳсулотни ширинликлар, қандолат маҳсулотлари ва салқин ичимликларга яқин жойлаштириш, ижтимоий тармоқларда машҳур шахслар ва етакчилар томонидан реклама қилиниши, ўйинлар ва танловлар ўтказилиши – буларнинг барчаси тамаки ишлаб чиқарувчиларнинг савдога ёшларни жалб қилишга қаратилган айёрона маркетинг усулларидир. Бу усулларни биздаги мавжуд қонунлар чеклай оладими?

ХЎШ, НИКОТИНЛИ "СНЮС"НИНГ ЎЗИ НИМА?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуровнинг маълумот беришича, никотинли "снюс", бу – ёшлар учун янги гиёҳванд модда.

«Ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларига кўра, никотинли "снюс" никотин ва целлюлоза аралашмаси асосида, стабилизаторлар, таъмни ширин қилувчилар, ароматизаторлар, консервантлар ва бошқа қўшимчаларни қўшган ҳолда тайёрланади.

Истеъмолчилар (айниқса ўсмирлар), агар ушбу аралашмалар таркибида тамаки бўлмаса, унинг зарари ҳам йўқ, шунингдек, улар чекишни ташлаётганда никотинга қарамликни енгишда ёрдам беради, деб ҳам ҳисоблайдилар. Аммо бундай эмас!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, организмга ушбу моддаларнинг таъсири унинг таркибидаги кучли наркотик таъсирга эга бўлган ва ўзига қарамликни келтириб чиқарадиган никотин билан боғлиқ.

Бу хавфни героин, кокаинга қарамлик ривожланиши хавфига тенглаштириш мумкин, у алкоголь ва каннабис хавфидан юқори», дейди Шуҳрат Шукуров. 

Мутахассиснинг айтишича, никотинли "снюс" истеъмолчилари каттагина бир марталик никотин дозасини оладилар. "Снюс"ни шимиш сеанси 5 дақиқадан 1,5 соатгача давом этади. Битта кучли сигаретни чекишда никотин «порция»си 1,0 мг.дан ошмайди, чекиш вақти ҳам 3-5 дақиқадан кўп эмас, никотинли "снюс"ни истеъмол қилганда эса битта маҳсулотда никотин миқдори 20 мг.гача етади.

Уни истеъмол қилиш усулида қонда никотин миқдорининг давомли ва бир текис тақсимланиши назарда тутилиши боис, никотин дозаларининг ўзлаштирилиши даражаси ҳам юқорироқ.

Никотин маҳсулотлари таркибидаги ифорли қўшимчалар (ялпиз, ваниль, шоколад, тропик таъмлар) ҳамда чиройли ишланган шакл (замонавий дизайн), шунингдек, ҳид йўқлиги ёшларни уларни истеъмол қилишга рағбатлантиради.

Ўсмирлик даври мия ривожланиши учун критик давр ҳисобланади, мияга никотин таъсири эса кучли қарамликка, хотира, билим олиш қобилиятининг пасайишига ва таҳликали неврозларга олиб келади.

Бундан ташқари, никотин ҳомиладорликда ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, юрак-томир касалликлари юзага келишига олиб келиши, ўсмалар пайдо қилиши шунингдек нейродегенератив касалликлар ривожланишида иштирок этиши мумкин.

Бу маҳсулот шведларнинг тамаки маҳсулоти бўлган "снюс"нинг аналоги бўлиб ҳисобланади ва оғиз бўшлиғида шимилиши боис, бошқа ҳар қандай тамаки маҳсулотлари каби милк, суяк тўқимаси, тиш боғламаларининг бузилишига, тишларнинг барвақт тўкилиши каби саратон олди ҳолатларга олиб келади, кейинчалик эса оғиз бўшлиғи, тил, лаб, милк, ҳиқилдоқ, қизилўнгач, ошқозон ва ошқозон ости бези саратони ривожланиши мумкин.

Бундай маҳсулотларда никотин миқдори юқори ва истеъмол қилиш вақти давомли бўлгани сабабли, уни истеъмол қилганларнинг юрак уриши частотаси узоқ вақт юқори бўлади ва соғлиққа қўшимча хавф туғдиради, шунингдек артериал босим кўтарилиши мумкин.

Огоҳликка ундовчи жиҳат – никотинли "снюс"ни истеъмол қилган пайтда ва ундан кейин ҳиднинг бўлмаслиги сабабли болалар ва ўсмирлар дастлаб никотинли "снюс" истеъмол қилаётганини ота-онасидан бемалол яширадилар, ота-оналар эса кўпинча фарзандлари шубҳали нарсаларни истеъмол қилаётганидан гумон қилмайдилар. Шу тариқа янги иллат ёшлар ўртасида тез тарқалиб кетади.

СТАТИСТИК МАЪЛУМОТЛАРГА КЎРА...

Баъзи бир маълумотларга қараганда, никотиннинг бир марта қабул қилгандаги токсик дозаси чекмайдиган катталарда 4-8 мг.га тенг, болалар учун эса, бу доза ичга қабул қилинганда ўлимга олиб келади. Кўпинча катталар учун никотиннинг ўртача летал дозаси 30 дан 60 мг.гача оралиқда (0,5 – 1,0 мг/кг), болалар учун – 10 мг.гача кўрсатилади.

НИКОТИНЛИ "СНЮС"НИНГ ЎЗБЕКИСТОНДА ТАРҚАЛИШИ ҚАЙ ДАРАЖАДА?

Бошқа тамаки маҳсулотлари каби, никотинли "снюс" ҳам дўконларда, кўчаларда сотилмоқда, сотув жойларида сотувларни рағбатлантириш учун унинг катталаштирилган қутилари жойлаштирилган. Натижада ушбу маҳсулот мактаб ўқувчилари, ўсмирлар ўртасида оммалашиб кетмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар органлари Бош бошқармасининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси маълумотларига кўра, умумтаълим муассасаларида рейдлар ўтказилганда мактаб ўқувчиларининг чўнтакларида «UzBAT» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «LYFT» маркали, Ҳиндистонда тайёрланган «COOL LIP» никотинли "снюс"лар топилган.

Бунда ўқитувчилар баъзи бир ўқувчиларнинг дарсда ўзини ғалати тутишларини: бефарқлик, ўзлаштириши пастлигини қайд этадилар. Кейинчалик бундай хулқ-атвор бу ўқувчиларнинг никотинли "снюс" истеъмол қилиши билан боғлиқлиги аниқланган.

 

"ЭПИДЕМИЯ"ДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ МУМКИН, МУТАХАССИСЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясида шундай дейилган: «Тамакига қарши курашиш бўйича жамоат соғлиғини сақлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тарафлар ўз сиёсатини миллий қонунчиликка мувофиқ тамаки саноатининг тижорий ва бошқа корпоратив манфаатларидан ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаб ҳаракат қиладилар» ҳамда «тамаки маҳсулотларининг инновацион ва янги турлари истеъмол қилиниши бошланишининг олдини оладилар», булар қаторига никотинли "снюс" ҳам киради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўлими чекилмайдиган (тутунсиз) барча тамаки маҳсулотлари турларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, айланмаси, сотишни қонун билан тақиқлашни таклиф этмоқда.

Чекилмайдиган (тутунсиз) тамаки маҳсулотлари, шу жумладан, носвой айланмаси Сингапурда ҳамда Қозоғистон, Россия, Тожикистон каби қўшни мамлакатларда тақиқланган.

Никотинли "снюс" таркибида никотин бўлгани боис кучли наркотик қарамликни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфлидир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
27
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.10.2021 19:10
Келажагимиз, болаларимиз такдири нима булади. Уларни яхши тарбиялаш катталарни бурчи.
19.01.2021 14:12
Болаларимиззи наркотикка ургатишни осон йулини топишибди. Ички ишлар каекка караябди. Кейинчалик вазият жиддийлашиб кетмасдан олдини олиш керак
19.01.2021 14:12
Болаларимиззи наркотикка ургатишни осон йулини топишибди. Ички ишлар каекка караябди. Кейинчалик вазият жиддийлашиб кетмасдан олдини олиш керак
19.01.2021 05:44
Bu nikotinlik ,"cnuc"zudlik bn yoqtish chorasini korish kerak,chunki yoshlar jar yoqasiga kelib manqurt holatga aylanmoqda.
18.01.2021 19:10
Tezroq yòqotish kerak!!! Qonun yòli bilan!!!
18.01.2021 16:56
УЖАААААССССС
18.01.2021 14:27
Molmi tepadigilar özining bolası ichsa nima böladi