Қайси вазирлик ва ташкилотларда қанча миқдорда давлат маблағи талон-тарож қилингани ҳақида оммавий ахборот воситаларида очиқ ахборот бериб борилмоқда. Уларнинг миқдори эса ҳайратланарли даражада йирик.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг айтишича, Президент 2019 — 2020 йилларда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ўмарилганини қайд этган. Ўмарилган маблағлар миқдори доим эълон қилинади, бироқ шу пулларнинг қанча миқдори бюджетга халқ учун қайтарилгани ҳақидаги маълумотларни кўпинча учратмаймиз.
Rost24.uz мухбири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига бюджетнинг талон-тарож қилинган маблағининг қанчаси ўз жойига қайтарилгани юзасидан савол берди.
Акмал Бурхоновнинг маълум қилишича, бюджетдан ўмарилган суммаларнинг деярли барчаси қайтарилмоқда. Бугунги кунда 90 фоиздан ортиқ давлатга етказилган зарар қопланган. Давлат бюджетига зарар етказган шахсларнинг маблағ қайтарилгач жазоси енгиллаштирилган. Пулларни талон-тарож қилганларнинг мол-мулклари мусодара қилинмаган.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори 90 фоиз маблағ бюджетга қайтганини қайд этган бўлса-да, давлат маблағларини ўзлаштирилган, талон-тарож қилинган вазирлик, ташкилотлар шу вақтгача қайтарилган маблағлар ҳақида маълумот бермаган.