Ўзбекистонда мустақил жигар трансплантацияси муваффақиятли ўтказилган 32 ёшли бемор вафот этди.
Жарроҳлик ишлари 16 сентябрь санасида амалга оширилган эди. Беморга 28 ёшли рафиқасининг жигари ўтказилгани айтилган. Операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган ва барча жараёнлар ижобий якунланган, операциядан сўнг беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган. Бироқ, 29 сентябрь куни бемор вафот этди.
Жарроҳлик амалиётига бошчилик қилган жарроҳ, профессор Миршавкат Акбаров жараённи қуйидагича изоҳлайди:
Барча операциялар ҳам ўзига яраша асоратлар билан кечади. Жигар операциясида эса бу 75% асоратлар билан кечади. Аммо бу асоратларнинг ҳаммаси ҳам ўлим билан тугайди дегани эмас.
Бемор Аҳмедов Ўктамда трансплантациядан кейин 5-6 кунгача ҳаммаси жойида эди. Анализлари нормаллашиб, реанимация хонасидан палатага кўчирилиб, жигарининг бир бўлагини берган турмуш ўртоғи билан биргаликда яшаб оддий операция ўтқазилган беморлар сафига қўшилиш арафасида эди. Афсуски, 7-куни Ўктам Аҳмедовда бирданига гемоглабин тушиб, аҳволи оғирлашди. Текшириб кўрганимизда ошқозонда гепатаген яра пайдо бўлган ва ундан прафуз қон кета бошлаган. Бу муаммони эндоскопик усулда тўхтатиш давомида кетган қоннинг ўрнини тўлдириш учун қон, қон препаратларини қуйишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг яна аҳволи яхшиланди. Бемор иммунитети бегона орган ҳисобланган жигарни қабул қилиши учун иммунитетни туширишга яна қўшимча дорилар қилдик. Бундай дориларнинг, албатта токсик таъсирлари мавжуд ва бу беморда энсофолопатияни келтириб чиқарди. Уни ҳам даволашга муваффақ бўлдик. Аммо бари бир беморга қон ва қон препаратларининг қуйилиши натижасида артериал тромбоз келиб чиқди. Ва уни даволаш учун яна 7 соатлик операция бўлиб ўтди. Беморнинг аҳволи мунтазам назорат қилиб борилди. Афсуски, бемор буйрак ва юрак етишмовчилиги, сийдик йўлларидаги муаммолар туфайли биз беморни сақлаб қололмадик.
Шифокорнинг сўзларига кўра, бу турдаги операциялар мураккаб турли ҳисобланиб, дунё бўйича ҳам ўлим ҳолатлари тез-тез такрорланиб туради ва бу одамларда ваҳима уйғотмаслиги керак.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда жигар трансплантация операцияси давлат томонидан молиялаштирилиб келинмоқда.