Ўзбекистон Жаҳон паспортлари индексида 95 давлат ичидан 68-ўринни эгаллади

07.01.2025 16:28

Ўзбекистон Канаданинг Arton Capital консалтинг фирмаси томонидан тузилган Passport Index рейтингида 95 та ўриндан 68-ўринни эгаллади. 2024 йилда ушбу рейтингда 70-ўринни эгаллаганди. Индексни тузишда компания паспорт эгалари қанча давлатга визасиз бора олиши ёки хорижий давлатга борганидан кейин виза олиши мумкинлиги баҳоланган. Рейтингда битта ўринга бир неча давлатлар тўғри келган.

Ўзбекистон фуқаролари 32 давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин, 46 давлатга визани етиб боргандан кейин олиши мумкин, 120 та давлатга ташриф буюриш учун эса белгиланган тартибда виза олиш керак бўлади.

Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги давлатларга визасиз кириши мумкин:

Антигуа ва Барбуда
Арманистон
Барбадос
Беларусь
БАА
Доминика
Эрон
Фаластин
Филиппин
Гаити
Гамбия
Грузия
Кения
Кот-д’Ивуар
Малайзия
Микронезия
Мўғулистон
Молдова
Намибия
Озарбайжон
Қирғизистон
Қозоғистон
Россия
Сент-Винсент ва Гренадин ороллари
Сейшел ороллари
Шри-Ланка
Суринам
Таиланд
Тожикистон
Туркия
Украина
Уммон

2024 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун БАА, Таиланд, Уммонда визасиз бўлиб туриш ҳуқуқи берилди, Хитойга 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш имконини берувчи битим имзоланди.

Марказий Осиё давлатлари рейтингда

Қозоғистон ушбу рейтингда 52-ўринда (46 мамлакатга визасиз режим);
Қирғизистон 68-ўринда (30 мамлакатга визасиз режим);
Тожикистон 72-ўринда (27 мамлакатга визасиз режим);
Туркманистон 76-ўринда (18 мамлакатга визасиз режим).
Афғонистон рейтингда энг қуйи поғонадан битта олдинда. Афғонистонликларни фақатгина 6 та давлат визасиз мамлакатга киритади.

Дунёдаги энг кучли паспорт эгалари БАА фуқаролари бўлди. Улар 133 та давлатга визасиз бориши мумкин, 47 та давлатга етиб борганидан кейин виза олиши мумкин. Рейтингнинг энг қуйи поғонасидан Сурия ўрин олди. Ушбу давлат паспорт эгалари 9 та давлатга визасиз бориши, 31 та мамлакатга боргандан кейин виза олиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар