Шу кунларда Наманганда уй-жой билан боғлиқ икки ҳолат тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бири Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокимининг янги қулайликларга эга вақтинчалик уйи қад ростлагани бўлса, иккинчиси Чуст туманида адиб Чустий домланинг харобага айланган ҳовлисидир. Бу икки манзара жамоатчилик томонидан турлича талқин қилинмоқда.
Айниқса, таржимон ва шоир Аъзамжон Обидовнинг Чустий, яъни Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли ҳовлисининг бугунги аҳволи ҳақида ёзганлари кўпчиликни бефарқ қолдирмаяпти:
"Қандай миллат бўлдик?! Оддий туман ҳокими ўринбосари ҳам кутубхона ё бошқа маърифат ўчоғини тезда бузиб ташлаб, ўрнига мебель цехи қуришга изн бера олади! Аммо ҳатто катта шаҳар ва вилоят ҳокимияти ҳам ўн нафар ижодкор чақириб, ўзича битта халқаро фестиваль ўтказа олмайди! Президент ва Вазирлар Маҳкамаси буйруғини кутиши керак! Ситилар қуряпмиз, бироқ суратда кўриб турганингиздек, катта шоиримиз Чустий домланинг сўлим Ғова қишлоғидаги ҳовлисиниям ташландиқ жойдек ташлаб қўямиз.
Чуст туманида ўзи учта катта улуғ аждодимиз бўлса, бири Сўфизода, яна бири Чустий домла! На уйлари, на музейлари бор, на адабий мерослари билан танишиш имкони! Селекторни баҳона қилиб, кўришишга фурсат тополмайдиган, бошини қум ичига тиққан ҳокимлар, ҳеч йўқ онлайн кўришиб, ўзингиз масъул бўлган туманингиз, шаҳрингиз, вилоятингизни адабий-маданий томондан сал дунёга бўй чўзишида самимий ёрдам беришга қаратилган таклифларимни эшитишга, амалий қўллашга ҳам вақтингиз бўлмасми?.."