Олимларимизга оламшумул янгилик қилишлари учун нима тўсқинлик қиляпти? Шароитми, маблағми ёки ўзбек олимларининг салоҳияти йўқми?
Rost24.uz тиббиёт фанлари доктори, префессор Зарифбой Ибодуллаев билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда илм-фанга бўлаётган эътибор ва унинг ривожига қайсидир маънода тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар ҳамда шунга алоқадор бошқа мавзуларда, хусусан, тиббиёт йўналишида сақлаб қолинган супер-контракт масаласи ҳамда хусусий ва давлат олийгоҳларида илмий ишлар учун яратилган шароит, ички муҳит борасидаги фарқлари хусусида суҳбат қилди.
Олимларимизга оламшумул янгилик қилишлари учун нима тўсқинлик қиляпти? Шароитми, маблағми ёки ўзбек олимларининг салоҳияти йўқми?
Зарифбой Ибодуллаев: Энди, немис ўзбекдан салоҳиятлироқ ёки япон корейсдан салоҳиятлироқ, деб айтиш мутлақо нотўғри. Биласизми, қаерга катта маблағ ажратилса, шароит яратилса, у ерда оламшумул кашфиётлар бўлаверади.
Масалан, Жанубий Кореяда илм-фанга ялпи ички маҳсулотнинг 4,2 фоизи ажратиляпти, Исроилда 4 фоиздан ошиқроқ, Японияда 3,5 фоиз, Швецияда 3,3 фоиз, Америкада 2,84 фоиз, Россияда 1,10 фоиз, Қозоғистон 0,9 фоиз ва Ўзбекистонда 0,8 фоиз (2022 йилда) ажратилиши белгиланган. Бу миллиард-миллиард долларларда ҳисобланса, Европада жуда катта маблағ ажратилади. Яна бир марта айтаман, шароит, лаборатория ва катта маблағ.
Чунки, исбот қилиш шарт бўлмаган нарса шуки, илмга ажратилган маблағ 10 йилдан кейин, 30 йилдан кейин, керак бўлса 50 йилдан кейин илм-технологиянинг заруриятига қараб, натижа беришни бошлайди.
Ушбу саволга ўтган йилги масъул вазирлик ҳисоботи ҳам қисман жавоб бўлиши мумкин:
«Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармонида 2022 йилда илм-фанга Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 0.8 фоизи ажратилиши белгиланган.
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, айнан 2022 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 888,34 трлн сўм ёки 80,4 млрд долларни ташкил этган. Шунда фармонга асосан илм-фанга 0.8 фоизи, яъни 643,2 млн доллар йўналтирилиши керак бўлган.
Лекин, ҳозирда Олий таълим вазирлигига қўшиб юборилган Инновацион ривожланиш вазирлигининг «2018-2022 йиллардаги асосий фаолият натижалари»га бағишланган ҳисоботда 2022 йилда илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш учун 954 млрд сўм ёки 80 млн доллар маблағ ажратилганлиги кўрсатилган (Вазирликнинг мазкур маълумотини Rost24.uzʼга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова тасдиқлади).
Юқоридаги фармон ва ҳисоботга таянадиган бўлсак, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш учун аниқ белгилаб берилган маблағдан 8 баробар кам ажратилган. Буни қандай тушуниш мумкин?!
Зарифбой Ибодуллаев: Ҳамма масаланинг оғриқли томони шунда. Деярли жуда кўп соҳаларда президент фармони қабул қилинган, масалан, мана илм-фан соҳасига қарийб 645 млн доллар ажратилиши фармонда белгилаб берилган, шунда бор-йўғи 80 млн доллардан ошиқроқ маблағ ажратилган. Бу албатта, жуда ачинарли, ачинарли ҳол. Биз ўрганиб қолганмиз, қаерда нимадир юришиб кетмаса, олий ҳукуматни танқид қиламиз, гапирамиз. Аммо пастдаги ижро билан боғлиқ ҳолатлар жуда ачинарли ҳолатда. Охирги пайтларда фармонни ўқигандан кейин, хавотирга ҳам тушадиган бўлганман, шу нарса бажариладими ёки йўқми, деб.
Илм-фан билан боғлиқ танқидий чиқишларимизда кўп гапирганмиз, айтганмиз. Мана масалан, Олий таълим вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда жами префессор ўқитувчилар сони 39 минг 333 нафар, шундан илмий даражадагилар 15 минг 750 нафар, фан докторлари сал кам 3 000, фан номзодлари (PhD) сал кам 13 минг. Олийгоҳларда илмий даражаси борлар эса 39,8 фоиз, 20 йил олдин 51 фоиз эди. Тўғри, олийгоҳлар очилгани ҳисобига фоиз тушиб кетаяпти, дейиш мумкин. Лекин, илм-фан билан шуғилланадиган, талабаларга им-фанни ўргатадиганлар 39,8 фоиз…
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтай, илм дегани мақолалар сони билан ёки қайсидир маънода фан доктори ва фан номзодлари билан ҳам белгиланмаслиги мумкин. Масалан, бизнинг кафедрада 30 га яқин фан доктори бор, лекин уларнинг биронтаси ҳам оламшумул кашфиёт ёки хорижий давлатлар сотиб оладиган илмий-технология қилаётгани йўқ. Яъни, илмий даражаларнинг сонига боғлиқ эмас, илмий тараққиётнинг даражаси. Агар шундай бўлса, ҳозир Россиядан ўзиб кетган бўлар эди.
Бизда энг қизиқ нарса шуки, олим, префессор 70 ёшга киради, шунда унинг таржимаи ҳолини ўқийсиз. 70 ёшга кирган олимимиз 35 та фан номзоди, дейлик, 12 та фан доктори етиштириб чиқарган, дейсиз. Узр энди, ўша олимни ўша олийгоҳдагилардан бошқа танимайди, борингки, ёндош олийгоҳлар таниши мумкин ёки 11 та тиббиёт институти бўлса, тиббиётчилар таниши мумкин, лекин дунё танимайди, нега?
Яъни, мақолалар сонига боғлиқ эмас, тўғри илмий ишни мақола билан баён қиласиз, лекин технология қани? Илм нима, технология нима? Илм бу диссертациянинг ичида турган, монографиянинг ичида турган назарий маълумот. Технология нима? Ўша диссертациянинг ичидан, монографиянинг ичидан чиқиб, халқ хўжалигига кириб бориб, ҳар хил зўр технологияга айланган нарса…
Олим доим норози бўлиб гапиради. Ҳозирда вазирликнинг инновация соҳасида қилиб турган ишидан кўнглим тўқ эмас. Чунки, биз уч қаватли кўприк қурмоқчи бўлсак, нега туркларни чақиряпмиз? Илмий мақолалар шунча кўп бўлса, нега ҳали болалар аравачаси ўтмасдан туриб, стратегик аҳамиятга эга бўлган кўрик қулаб тушди, қани бу ерда инновация киритилгани? Инновация дегани илмни ҳаётга татбиқ қилиш дегани. Бундан 30 йил олдин Асака туманида автомобиль заводлари қурилди, нега ҳали ҳам корейслар берган модел бўйича чиқаряпмиз, қани ўзбек автомобили? Мана нимада гап. Нега ҳалигача компьютерга ўхшаган нарсаларни ҳалигача хориждан олиб келамиз? Тўғри, баъзи Artelʼга ўхшаган компаниялар ишлаб чиқаряпти, деймиз. Лекин, технология йўқ, боринг мана, Россиянинг телеканалларида ўзбек олими мана буни яратди, дейдиган кашфиёт-у ихтиро керак.
Суҳбат давомида Зарифбой Ибодуллаев қўшни Қозоғистон билан Ўзбекистондаги тиббиёт, илм-фан ва таълим соҳасидаги кескин фарқни аниқ мисоллар солиштирди. Шунингдек, «Ўзбекистонда илм-фан жар ёқасига келиб қолди, Фанлар академийси қариялар уйига айланиб қолди» деган чиқишлари ортидан унга қарши бир қанча олимлар чиқишлар қилганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Ибодуллаевдан хусусий ва давлат олийгоҳларида илмий ишлар учун яратилган шароит, ички муҳит борасидаги фарқлар, Соғлиқни сақлаш вазирининг тиббиёт йўналишидан “супер-контракт”ни олиб ташлаш бўйича таклифини нега ҳукумат қўллаб-қувватламагани ҳақида ҳам сўралди ҳамда таклиф ва фикрлари тингланди.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқорида илова қилинган видео орқали томоша қилишингиз мумкин.