Туркия элчиси: “Ўзбек тили турк дунёсининг асосий бойликларидан биридир”

08.02.2021 07:11 - 2148

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр Тошкентда ўтаётган «Алишер Навоий жаҳон шарқшунослари нигоҳида» мавзусидаги халқаро илмий анжуманда иштирок этди. Меҳмет Сурайё Эр анжуманда нутқ сўзлар экан ўзбек тили турк дунёсининг асосий бойликларидан бири эканлигини эътироф этди. 

“Бугун Турк дунёси деб атаганимиз Адриатик кўрфазидан Хитой деворига қадар бўлган ҳудудда кўнгилларни бирлаштирган энг муҳим унсур – бу умумий лисонимиз туркий тилдир. Бу улкан жўғрофияни узоқ масофаларга қарамай бир-бирига боғлаган энг мустаҳкам ришта албатта муштарак тилимиздир”, дейди Меҳмет Сурайё Эр.

“Туркия Жумҳуриятининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мени энг хурсанд қилган нарса, хизматим давомида ўз мамлакатимда, Анадолу диёрида бўлгандек ҳис қилишим бўлди деб айта оламан. Орамизда минглаб километрлик масофа борлигига қарамай муштарак тилимиз ва тамаддунимиз туфайли айни мақолларни, маталларни ва ибораларни қўллашимиз, бир-биримизнинг миллий шеър ва ашулаларимизни тинглаб, айни завқни ва туйғуни ҳис қилишимиз, балки Турк оламининг бутунжаҳон миқёсидаги энг катта бойлигидир. Шундай яқинлик туфайли ҳаётга айни дарчадан боқа оламиз, минглаб фарсаҳх олисда бўлсакда қалбларимиз битта орзу йўлида уриб туради. Шу доирада, Президент Жаноб Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида ўз нутқини ўзбек тилида сўзлаганлари бутун турк дунёсига бахт ва ғурур бахш этганини ҳам билдиришни истайман.

Ўзбек тили Мовароуннаҳрнинг юрагида гуллаб-яшнаган Турк дунёсининг асосий бойликларидан биридир. Бу қадимий заминда пайдо бўлиб, юксалган муштарак тамаддунимиз хазиналарини авлоддан авлодга етказилишини таъминлаган Ўзбек тили; маданият, адабиёт, илму ирфон тили сифатида Турк ва Ислом оламида алоҳида ўринга эга. Ўрта асрлар зулмати аро, икки марта ренессанс дейиш мумкин бўлган тамаддун ҳамласи билан бутун жаҳонни ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар билан мунаввар қилган олиму уламонинг, ҳокиму ҳукамонинг, шоиру шуаронинг лисонидир бу тил.

Шубҳасизки, бу тилни энг гўзал тарзда қўллаган, сўзларни наққошдек саралаб, беназир мисралар битган шоирларимизнинг бошида Алишер Навоий турадилар. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Озарбайжонда ҳам, Анадолуда ҳам катта завқ ва ҳайрат билан мутолаа қилинган Алишер Навоийни Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаганлар, шеърларига ўн бешинчи асрдан бери турли назиралар битганлар. “Навоий тили” деб аталган чиғатой тили асосида ривожланган ўзбек тили бугун ҳам унда яратилган асарлари билан бутун жозибасини намоён этиб келмоқда.

Муштарак қадриятимиз-туркий тилнинг ифода қудратига, бойлигига ва гўзаллигига юз йиллар олдин эътиборимизни қаратган туркий тилнинг буюк устози Алишер Навоий Ҳазратларининг бугун ҳисларимизни акс эттирган, дилларимизни ёритган, йўлларимизга маёқ бўлган мана бу сўзларини эсламаслик мумкин эмас: “Туркий тил ҳақида фикр юритар эканман, она тилимнинг теранликларини ўйласам, кўзларимга ўн саккиз минг оламдан ортиқ бир олам намоён бўлди” деган эдилар...

Бугун бу ерда йиғилишимизнинг сабаби бўлган бу муҳим анжуман иншооллоҳ туркий тилда, туркий шеъриятда байроқ тортиб, бутун турк мамлакатларини якқалам этганлигини таъкидлаган (“Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”) туркий адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий Ҳазратларининг руҳларини яна бир марта шод этади деб ўйлайман. Бу анжуманнинг ва бунга ўхшаш тадбирларнинг муштарак бойликларимизни асрашда давом этишимизга, хусусан, ёш авлоднинг ўзбек тилига бўлган меҳрининг дунё миқёсида ортишига ҳисса қўшишига ишонаман. Сўзларимни тугатар эканман, фурсатдан фойдаланиб барчангизни ҳаяжонлантиришига ишонганим бир хушхабарни сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан бир неча кун аввал имзоланган Қарор билан 2021 йил-Юнус Эмре ва Турк тили йили деб эълон қилинди. Маълумингизким, Юнус Эмре вафотининг етти юз йиллиги Ўзбекистоннинг ҳам қўллаб-қувватлашлари билан ЮНЕСКОнинг 2021 йилда нишонланадиган саналар рўйхатига киритилди. Айни тарзда Президент жаноб Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йили октябрь ойида имзолаган фармони билан Алишер Навоий Ҳазратлари таваллудининг беш юз саксон йиллиги муносабати билан амалга ошириладиган ишларнинг йўл харитасини белгилаб берган эдилар. Президентларимизнинг бундай олийҳиммат ташаббуслари доирасида уларнинг шафелиги ва шахсий кўрсатмалари билан 2021 йилда умумий меросимизнинг бу икки буюк сиймосининг хотираси учун биргаликда қанча ажойиб лойиҳаларни амалга ошириш ҳаяжони ва фахр туйғуси барчамизга насиб қилсин. Йигирма биринчи асрнинг узоқни кўрувчи лидерлари орасидан ўрин олган Президентимиз жаноб Эрдўғон ва Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёевнинг қисқа оралиқлар билан умумий тилимизнинг буюк усталари борасида қабул қилган муҳим қарорлари икки давлат арбобининг Турк дунёсининг муштарак меросига катта аҳамият берганликларини яна бир марта яққол кўрсатиб турибди”, деди Меҳмет Сурайё Эр ўз нутқида.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар