Кеча Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда журналист Тоштемир Худойқулов Матбуотчилар-32 кўчасида уч туп чинорнинг ноқонуний кесилиши бўйича мутахассислардан изоҳ сўраган.
Анжуманда қатнашган Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов тадбирдан сўнг журналистлар билан ушбу ҳудудни кўздан кечирган ва бу ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслиги, ўрганишлардан сўнг қўшимча маълумот беришини айтган.
Шунингдек, тасвирларда ушбу қурилиш майдонидаги бир неча арчаларнинг қуриб бораётганини ҳам кўриш мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг 4 ойи давомида республикада дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жами 2 014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган бўлиб, 2 795 туп дарахтлар, шундан 1 313 туп қимматли дарахтлар ноқонуний равишда кесилганлиги, 619 туп дарахтлар шикастлантирилганлиги учун ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 514 миллион сўм маъмурий жарима белгиланган ва 4 988 миллион сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган. 113 та ҳолатда мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.