“Cотувчи ва харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш учун”: Бозорлардаги патта пули оширилишига изоҳ берилди

18.02.2025 14:16

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 14 февралдаги 101-14-0-Қ/25-сон қарори билан 2025 йил учун бозор маъмурияти томонидан ундириладиган бозор йиғими миқдори тасдиқланди.

Унга кўра, патта пули сабзавот маҳсулотлари ҳамда нон ва нон маҳсулотлари йўналишида 10 фоизга, уй буюмлари, кийим-кечаклар ва уй паррандалари каби йўналишларда 17—20 фоизгача, цитрус, тропик ва қуруқ мевалар, консерва, салқин ичиқликлар, гуллар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар каби йўналишларда 21—25 фоизгача, асал маҳсулотлари каби йўналишларда 26—29 фоизгача оширилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур йиғим миқдори ва унинг оширилиши юзасидан тушунтириш берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги 19 та бозор ва савдо комплексларининг жами харажатлари 2022 йилда 256,3 млрд сўмни, 2023 йилда 296,0 млрд сўмни, 2024 йилда 314,1 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, 2025 йилда солиқ, коммунал тўловлар, иш ҳақи ошиши ҳамда таъмирлаш ва қуриш ишларини инобатга олиб 383,5 млрд сўм (2024 йилга нисбатан 22 фоизга кўп) режа қилинди.

Мисол учун: Эски Жува деҳқон бозорининг 2024 йилга нисбатан ер солиғи 64 фоизга (5,954 млрд сўм), коммунал тўловлар 17 фоизга (4,254 млрд сўм) ошаётгани, бундан ташқари, бозордаги расталарни 5,9 млрд сўмга қайта қуриш ишлари инобатга олиниб, 2025 йил учун харажатлар 28,6 млрд сўмга (156 фоиз) режа қилинган.

Қайд этиш жоизки, аслида белгиланган патта пуллари аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини замонавий даражага олиб чиқиш учун бўлиб, уларнинг бозорлар ва савдо комплекслари умумий тушумидаги улуши 15 фоизга ҳам етмайди.

“Патта йиғимларини ошириш орқали бозорларни сақлаш (тозалаш, ёритиш, ободонлаштириш, павилонлар том қисмини (шифер, профнастил) таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш, расталарни таъмирлаш ёки янги қуриш, йўлакларни асфальт ёки брусчатка қилиш, панжараларни бўяш, коммуникация тармоқларини сақлаш туриш) ҳамда сотувчи ва харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш ишларини амалга ошириш, солиқларни, коммунал тўловларни ва 1 600 дан ортиқ ишчи ходимларга ойлик маошларини ўз вақтида тўлаш режа қилиб олинган“, — дейилади ахборотда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар