Уй-жойга сармоя киритиш энди ўзини оқламайдими?

18.02.2025 11:47

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг даромадлилигини таҳлил қилди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, бундай инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайган.

Зарар кўрганлар ҳам бор

Хусусан, 2024 йил февраль ойида уй-жойларни ижарага бериш ва уларнинг қиймати ўзгаришидан олинган даромад ўртача 32,4 фоизни, октябрь ойида эса 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь ойида 7,6 фоизгача пасайди.

Баъзи ҳудудларда ҳатто манфий даромадлилик ҳам кузатилмоқда, бу эса инвесторлар учун эҳтимолий зарарлардан дарак беради.

Даромадлилик ҳудуд ва хоналар сонига қараб сезиларли даражада фарқ қилади.

Энг кўп даромад қайси туманларда?

Энг кўп даромадлилик Миробод туманидаги 1 хонали хонадонлар учун 53 фоиздан -1,7 фоизгача, Бектемир туманидаги 3 хонали хонадонлар учун 33,7 фоиздан -5,5 фоизгача, шунингдек, ушбу тумандаги 4 хонали хонадонлар учун 37,9 фоиздан -7,3 фоизгача пасайган.

Бектемир туманида 1 хонали квартираларга киритилган инвестициялардан олинган даромад 46,8 фоиздан 54,3 фоизга кўтарилди.

Чилонзор туманидаги 4 хонали хонадонлар бўйича даромадлилик 19,8 фоиздан 16,5 фоизга, Яккасарой туманидаги 2 хонали хонадонлар бўйича эса 24,2 фоиздан 15,1 фоизга пасайди. Шунга қарамай, булар энг кам пасайиш кузатилган сегментлар ҳисобланади.

Уй-жой нархларининг ўзгариши
Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида 2024 йил февраль ойида уй-жой нархларининг ошишидан олиниши мумкин бўлган фойда мос равишда 16,1 фоиз, 26,9 фоиз ва 15,4 фоизни ташкил этган. 2025 йил январь ойига келиб бу кўрсаткичлар кескин пасайиб, 3 фоиз, 2,8 фоиз ва 0,3 фоизга тушди.

Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида нархларнинг пасайиши қайд этилди: мос равишда 35,8 фоиздан -0,8 фоизгача ва 30,4 фоиздан -3,4 фоизгача.

Ижара

2025 йил январь ойида ижара бўйича ўртача йиллик даромад:

Миробод тумани — 10% (ўтган йилнинг февраль ойида — 10,4%);

Мирзо Улуғбек тумани — 9,9% (10,6%);

Шайхонтоҳур тумани — 9,8% (11,6%).

Ижара нисбатан арзонроқ ҳисобланган Олмазор, Учтепа, Сергели туманларида бу кўрсаткич 2024 йил февралига нисбатан бироз пасайиб, 8,9 фоизни ташкил этди (октябрь ойида 9,1−9,7 фоиз эди).

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланган 1 ва 2 хонали хонадонлардан даромад олиш имкониятлари ҳам тушиб бормоқда. Агар 2024 йил февраль ойида даромадлилик 35,6 фоиз ва 30,8 фоизни, октябрь ойида эса 16,7 фоиз ва 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил январь ойида 14,3 фоиз ва 7,5 фоизга тушди.

Худди шу даврда 3 хонали квартираларнинг даромадлилиги 33 фоиздан 5,5 фоизгача, 4 хонали квартиралар учун эса 30,3 фоиздан 2,9 фоизгача сезиларли даражада камайди. Октябрь ойида ҳам бу кўрсаткичлар мос равишда 10,1 фоиз ва 9,9 фоизни ташкил этган.

Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойдали бўлиб қолди

2024 йилнинг ярмидан бошлаб уй-жойга инвестициялар даромадлилиги жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлардан олинадиган ўртача даромадлиликдан паст даражада шаклланиб келмоқда.

2023−2024 йилларда:

Валюта омонатлари бўйича ўртача ставка тахминан 5 фоизни ташкил этди.

Миллий валютадаги омонатлар бўйича — 21−22 фоиз.

Ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо, узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳим. Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланади, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилингач, янада жадал ривожланиш имконини беради, деб таъкидлайди МҲТИ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар