Амалдорлар учун “Бермут учбурчаги” ҳисобланган Сурхондарёдаги қишлоқ

01.12.2020 12:55

Ўзбекистонда бир қишлоқ бор. У қишлоққа бориш амалдорлар учун ўлим билан баробар ҳисобланади. Қишлоқ ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмас. Мутасаддиларнинг ўзларини олиб қочишига қараганда қарғиш теккан қишлоқ деб ўйлайсиз.

Ростдан ҳам шундаймикин?

Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги “Шабнам” маҳалласига қарашли Вочах қишлоғи ростдан ҳам мутасаддилар учун “ўлим водийси”микин. Нега десангиз, бу қишлоқ ҳақида кўп бор гапирилди. Ҳаттоки электр бормаганлиги ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ҳам жар солинди. Аммо раҳбарлар бу қишлоққа электр ўтказмасликка қасам ичгандек ҳар гал оёқларини тираб туриб олишаверади.

Тоғлар орасидаги Вочах қишлоғи аҳолиси 80 йилдан буён электр энергиясини кутиб яшамоқда. Неча-неча авлод бу қишлоқда XX асрнинг бошида қилинган кашфиёт – электр ёруғлигини XXI асрда ҳам кўрмасдан ўтиб кетишди, ўтиб кетишмоқда.

Вочахликларнинг бирдан-бир орзуси электр энергияси. Майли, тез-тез ўчиб турса ҳам электр борса бўлди.

Вочахнинг кайвонилари умр бўйи марказга мурожаат қилиш билан елиб-югуриб ўтишмоқда. Раҳбарларнинг эса турли-туман баҳоналари доим муҳайё.

Қишлоқ рўйхатда бор. Аҳолига кўринмайдиган маҳалла раиси ҳам бор, одамлар ер солиғи тўлайди. Ҳаттоки ахлат учун “Махсустранс”га ҳам мажбурий тўлов қилишади. Энг қизиғи, мактаб ва шифохона ҳам бор. Аммо биргина электр йўқ. Биз таълим тизимини ислоҳ қиламиз, мактабларни замонавий техникалар билан таъминлаймиз, компьютерлаштирамиз, интернетлаштирамиз дея жар соляпмиз. Аммо бу замонавий техникалар таппига ишламаслигини билмаяпмиз шекилли.

Ўзбекистонда электр бормаган қишлоқларда мактаблар бор экан, Халқ таълими мутасаддилари тизимда ислоҳот ўтказаяпмиз дейишига ҳали эрта. Баландпарвоз гапларни баралла айтишига бироз вақт бор.

Умуман олганда, электрсиз қишлоқларнинг мавжудлиги ҳар бир соҳа масъуллари учун оғзига урилган шапалоқ бўлиши керак.

Биргина банк соҳасини олайлик. Марказий банк “бутун Ўзбекистон банкоматлаштирилди” дея ҳисобот бериши учун ҳам катта тўғаноқ бўлиши мумкин.

Шу жойда озгина рақамларга ҳам мурожаат қиламиз. Вочах қишлоғи туман марказидан 58 км. узоқликда, 6 км. наридаги қўшни қишлоқда электр бор.

Вочахликлар турли жойга мурожаат қилавергач, мутасаддилар қишлоқни чўлга кўчириб юбориш билан таҳдид қилишган. Шу жойда савол туғилади, бутун бошли қишлоқни чўлга кўчиришдан кўра 6 км.дан сим тортиб келган арзон тушмасмикин. Ахир ўша чўлга кўчирилган қишлоққа ҳам бари бир сим тортиб электр ўтказиш керак эмасми?

Вочах қишлоғига электр олиб боришнинг биргина йўли қолди: яъни бу қишлоқдан вилоят ҳокими ёки энергетика вазири чиқиши керак. Шундагина раҳбарлар учун “ўлим водийси” ҳисобланган Вочах қишлоғига электр энергияси етиб бориши мумкин. Бошқа чораси қолмади.

Айтганча: Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги Вочах қишлоғига электр бари бир бормайди. Кўпчилик журналистлар қатори элдан қолмай деб мен ҳам шу мавзуга қўл урдим, холос.

Шерали ОТАБОЕВ, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар