Нотариуслар халқаро уюшмаси пайдо бўлганига роппа-роса бир аср бўлди

17.12.2020 05:47

Бундан роппа-роса юз йил муқаддам, 1920 йилда Европада илк бора нотариуслар уюшмасига асос солинган эди. Кейинчалик нотариал фаолият кафолатларини таъминловчи қатор халқаро ҳужжатлар пайдо бўлди. Аммо иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ва эркин ҳаракатлар чекловлари бу жараёнларнинг жадаллашишига йўл бермади.

Аммо 1945 йилдан кейин халқаро майдонда соҳа бўйича глобал фаоллашув қайд этилди. Нуфузли Халқаро нотариуслар иттифоқига (International Union of Notaries) 1948 йил 2 октябрда Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ушбу шаҳар нотариуслар ҳайъати ташаббуси билан бўлиб ўтган Норариусларнинг биринчи халқаро конгрессида асос солинди. 

Бу урушдан кейин миллатлар ўртасидаги муносабатлар тармоғини яратишга имкон берувчи энг тараққийпарвар ва ёрқин халқаро ҳодиса эди.

Унинг илк халқаро конгрессида Аргентина, Бельгия, Боливия, Бразилия, Канада, Колумбия, Коста-Рика, Куба, Чили, Эквадор, Испания, Франция, Италия, Мексика, Парагвай, Перу, Пуэрто-Рико, Швейцария ва Уругвай давлатлари нотариуслар палаталари иштирок этишган эди.

Бугунги кунда беш қитъанинг 89 мамлакати нотариал палаталарини ўзида бирлаштиради ва ўз таъсир доирасига жаҳон аҳолисининг учдан икки қисмини, ялпи ички маҳсулотининг 60 фоизини қамраб олади.

 Иттифоқ ноҳукумат ташкилот мақомига эга бўлиб, унинг асосий мақсади бутун дунёда нотариал вазифа ва фаолиятга кўмаклашиш, улар ишини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш, шунингдек, халқаро ташкилотларда нотариатларни намоён этиш, миллий ва нотариал ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш, этика тамойилларини кенг татбиқ этиш, халқаро конгрессларни ташкил этишдир. Бундан ташқари, нотариал соҳада касбий тайёргарликни, тарғиботни ва илмий ишларни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Унинг дастлабки низоми 1950 йилда, 2007 йил 2 октябрда аъзо-нотариатлар Ассамблеяси томонидан эса Мадридда янгиланган вариантда тасдиқланган. Маъмурияти Рим шаҳрида жойлашган.

Иттифоқ аъзолари Ассамблея томонидан қабул қилинган миллий нотариатлар ҳисобланади. Улар ўз мамлакатлари нотариусларининг миллий инстанцияси ҳамдир. Аъзолар унинг таркибидан эркин асосда чиқиб кетишлари мумкин ёки ушбу низомга амал қилиш ва фаолияти билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлса, Ассамблея қарори билан аъзоликни йўқотиши мумкин. 

Нотариат-аъзолар Ассамблеяси, Президент, Раҳбарлик кенгаши, Бош кенгаш, Кузатув молия кенгаши Иттифоқнинг асосий органларидир. Ассамблея олий орган бўлиб, ҳар йили бир маротаба навбатдаги сессияни ўтказади. 

Амалдаги президент аргентиналик таниқли профессионал нотариус Ноэми Армелла хоним ўтган йили ноябрь ойида 29-Бош ассамблеяда сайланган. Президентнинг Африка, Жанубий Америка, Осиё ва Океания ҳамда Шимолий Америка, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари бўйича вице-президентлари бор.

Халқаро иттифоқига киритувчи мамлакатларда лотин нотариати яъни роман-герман ҳуқуқ тизими амал қилади, ҳужжатларни нотариал расмийлаштириш оммавий тан олинади ва далил сифатидаги кучи ошади.

Нотариусларнинг глобал тармоғидан эркин фойдалана оладиган ташкилот сўнгги йилларда халқаро пул ювиш амалиётларига қарши кескин курашга ҳам фаол кўмаклашмоқда. Чунки бундай жиноий ҳатти-ҳаракатлар ортидан олинган бойликлар одатда кўчмас мулкларга катта молия ва сармоя сифатида киритилади. 

Бу борада 1989 йилда тузилган Пул ювишга қарши молиявий ҳаракатлар гуруҳи билан ҳамкорлик катта самара бермоқда. Европа Иттифоқининг 2001 йил 4 декабрда қабул қилинган Директиваси нотариуслар ва юридик масалалар бўйича мустақил экспертларга пул ювиш билан курашиш банди бўйича жиддий ишлаш талабини ўртага қўймоқда.

Ўтган йиллар давомида нотариусларнинг халқаро уюшмаси жиддий сиёсий кучга ҳам айланди. Иттифоқнинг манфаатлари БМТ, ЮНЕСКО, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси, Европа Комиссияси ва Европа Парламенти, Европа Кенгаши, Хусусий ҳуқуқни унификация қилиш халқаро институти каби обрўли халқаро тузилмаларда ҳам ифода этилмоқда. 

Мулкий ва оилавий муносабатлар, савдо амалиётлари, тадбиркорлик фаолияти ва уларнинг ҳуқуқий тартибга солиш ишлари қанчалик ривожланиб боргани, аҳолининг фаровонлиги ошиб, хусусий нотариуслар фаолияти кучайгани сари бу каби халқаро ташкилотларнинг таъсири 
ва аҳамияти ҳам тобора юксалаверади. 

Гулноза АБДУСАЛЯМОВА,

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар