Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Исмоил Жўрабековни ОАВ орқали мукофот билан табриклади

31.08.2021 13:50

Исмоил Жўрабековнинг шогирдлари бугун республикамизнинг барча ҳудудларида, сув хўжалиги ташкилотларида меҳнат қилмоқда.

ЎзАда эълон қилинган табрик матнида вазир Ўзбекистон ҳукуматининг турли лавозимларида ишлаган Исмоил Жўрабековнинг ёшлигидан ғайрат-шижоати, тиришқоқлиги, ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турганлигига алоҳида эътибор қаратган. 

Жумладан, матнда “Исмоил Жўрабеков босиб ўтган ибратли умр йўлининг қайси манзилига боқманг, унда яратувчанлик, бунёдкорлик, эзгуликни кўрасиз”, дейилади.

Шунингдек, моҳир сиёсатчи Исмоил Жўрабеков Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий-ижтимоий ҳамкорликни, қўшни халқлар билан дўстона алоқаларни тиклашга беқиёс ҳисса қўшгани, хусусан, 1990 йилларда Тожикистон Республикасида юзага келган фуқаролар уруши даврида қийинчиликларни бошдан кечираётган қардош тожик халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, уларни озиқ-овқат билан таъминлашда Исмоил Ҳакимовичнинг саъй-ҳаракатларини тожик биродарларимиз ҳамон миннатдорлик билан эслашига урғу берилган.

“Жўшқин фаолияти ва бор салоҳиятини сув хўжалиги ривожига бағишлаган, буни умр мазмуни деб билган Исмоил Ҳакимович, шубҳасиз, катта мактаб яратди. У кишининг шогирдлари бугун республикамизнинг барча ҳудудларида, сув хўжалиги ташкилотларида меҳнат қилмоқда”, деб ёзади айни пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Жўрабеков Исмоил “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
08.09.2021 23:30
Nima, izohlar "negativ"mi, ko'rsatmabsizlar?