ЯХШИЯМ ШОМУРОДОВ БОР...

04.08.2021 14:22

Ўзбек футболида йилдан йилга пасайиш кўзга ташланаётган бир пайтда терма жамоамиз ҳужумчиси Элдор Шомуродов Римнинг “Рома” клуби билан шартнома имзолади. 

Хўш, бу трансфер қандай амалга ошди? У Италиянинг энг номдор ва тарихий клубларидан бирида ўйнаб кета оладими? Rost24.uz ана шу саволлар атрофида мулоҳаза юритади.

Ўтган йили Россиянинг “Ростов” клубидан 7,5 миллион евро эвазига Италиянинг “Женоа” клубига ўтган ҳамюртимиз ўзининг А Сериядаги илк мавсумини ёмон ўтказмади. Айниқса мавсум охирларида Элдор деярли ҳар бир ўйинда гол киритиб, маҳаллий футбол ишқибозларининг суюкли футболчисига айланиб олди. Ҳужумчи ажойиб ўйинлари билан нафақат ўзини, балки Ўзбекистонни ҳам Италияда кенгроқ тарғиб этди. Чунки у “кучли бешлик” чемпионатларида тўп сураётган биринчи ўзбек футболчиси эди.

Мавсум якунланиши билан Италия матбуотида Шомуродовнинг “Ювентус” ва “Интер” каби номдор клубларга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бонг урди. Аммо “Женоа” раҳбарияти ёзда Элдорни сотиш ниятлари йўқлигини маълум қилишди ва ҳамюртимиз Генуа жамоаси билан янги мавсумга тайёрланиш учун йиғинларга жўнаб кетди. Ўтган ҳафта сўнгида бўлса ҳамюртимизнинг деярли “Рома”га ўтиши аниқ бўлганлиги тўғрисидаги хабарлар футбол мухлисларини хурсанд қилди. 3 август куни Шомуродов расман “Рома” футболчиси сифатида таништирилди ва янги клуби билан илк машғулотларини ўтказди. Римликлар Элдорни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишди ва бир йиллик ижараси учун “Женоа”га 2,5 миллион евро тўлашади. Агарда у янги жамоасига мослашиб кетса кейинчалик “Рома” ҳужумчининг трансферини 17,5 миллион еврога сотиб олиши ҳам мумкин. Яна бир қувонарли хабар, Шомуродовнинг Римга келишида клубнинг янги мураббийи Жозе Моуриньонинг шахсан ўзи ташаббускор бўлган экан. Унинг янги жамоасидаги йиллик маоши 2 миллион евро этиб белгиланди.

Элдор Римда ўйнаб кета оладими?

Ҳамюртимизнинг “Рома”дек машҳур клубга ўтиши нафақат ўзи учун, балки бутун Ўзбекистон учун ҳам катта шараф. Аммо масаланинг иккинчи томони, у римликлар сафида йўқолиб қолмасмикан. Чунки клуб устози Жозе Моуриньога янги мавсумда Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Шу боис, португалиялик мутахассис ҳар бир позицияни камида 2-3 та юқори даражадаги футболчилар билан кучайтирмоқда. “Рома”нинг ҳужум чизиғида ҳам Италия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Стефан Эль-Шаарави, Мадриднинг “Реал” клубида ўйнаган Борха Майораль, “Барселона” билан узоқ йиллар кўплаб ютуқларга эришган Педро ва босниялик тажрибали Эдин Жеколар бор. Ана шундай футболчилар билан рақобатлашиб, асосий таркибдан жой олишни тасаввур қилиб кўринг? Боз устига, Моуриньо ҳам ҳаддан ташқари талабчан мураббийлардан ҳисобланади. У фаолияти давомида манаман деган юлдузларни захирага михлаб қўйган. Бундан ташқари Италия ижтимоий тармоқларида “Рома” мухлислари Шомуродовнинг олиб келинишини тушунарсиз трансфер деб ҳисоблашмоқда ва ҳамюртимизга унча ишонишмаяпти.

Аммо Элдор ўйнаган ҳар бир клубига осонликча мослашиб кетмаган. У бардошли ва оғир табиати билан мураббийлар ва жамоадошлари ҳурматига сазовор бўлган. Римда ҳам ўзбек футболчисининг ана шундай ҳурматга лойиқ бўлишидан умидвормиз. Бутун дунё Ўзбекистон ҳақида Жаҳон Чемпионатида эшитмасада, ўзбек футболчисининг ажойиб ўйинлари ҳақида муҳокама қилишларидан ҳам умид қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов 1995 йилнинг 29 июнида Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида туғилган. Футболдаги илк сабоқларини “Машъал” академиясидан олган. Профессионал карьерасини ҳам шу клубдан (2014 йил) бошлаган. Кейинчалик “Бунёдкор” (2015-2017), “Ростов” (2017-2020) ва “Женоа” (2020-2021) жамоаларида тўп сурган. 

Benvenuto a “Roma”, Eldor.

Ориф БАҲРИЕВ

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар