ИШОНЧ

05.12.2020 11:37

Шунчаки мотивация учун

...Кечагина қандай иш қилмасин, катта даромад кўриб юрган тадбиркор эди. Унинг ишлари бирданига орқага кетди. Энди эса қай ишга қўл урмасин, фақат қарзлари кўпайяпти. Бир ёқда ҳақдорлар қарзларини қистаб қўйишмайди. Ўзини тўрт томонга ургани билан, натижа йўқ. Худди барча нажот йўллари беркилгандек…

Шундай ўйлардан мияси ғовлаб, хиёбон четидаги ўриндиққа оғир чўкди. Лўқиллаб оғриётган бошини эгганча яна изтиробли хаёлларга берилди. Кимнингдир нигоҳини ҳис қилиб, бошини кўтарганида ёнида бир қарияни кўрди: «Жуда ғамгин кўринасан. Бошингга қандайдир ташвиш тушгани аҳволингдан маълум. Балки дардингни менга айтарсан…»

Негадир у ҳамма дардларини шу қарияга айтгиси келди, айтди ҳам. Сўзларини бўлмай эшитиб турган қария ниҳоятда хотиржамлик билан: «Сенга ёрдам беришим мумкин», деди ва ёнидан чек дафтарини чиқариб ёзди: «Бу пул сенга. Роппа-роса бир йилдан кейин шу ерда кўришамиз ва қарзингни қайтарасан». Шундай дея тезлик билан кўздан узоқлашди.

Қария кетганидан кейин қўлидаги чекка қараган қаҳрамонимизнинг кўзлари яшнаб кетди – роппа-роса 500 минг доллар. Имзо эса Жон Рокфеллерга, яъни замонасининг энг бой одамига тегишли! «Бу пул билан ҳамма қарзларимдан қутулишим мумкин», деб ўйлади у. Лекин негадир бу қимматли чекни бузгиси келмади, авайлаб сейфга солди. Ўзида ишлашга олдингидан ҳам кўпроқ иштиёқ туғилганини ҳис қилди ва айни ғайрат билан ишга киришди. Катта-кичик демай барча ишларини йўлга қўя бошлади, янги режалар тузди ва шу асосда аста-секин барчаси яхши томонга ўзгара бошлади. Шу тарзда бир неча ой ўтгач, қарзларидан батамом халос бўлди, ишлари аввалгидан ҳам гуркираб кетди…

Келишилган бир йил ўтди. У қўлида бузилмаган чек билан таниш хиёбонга йўл олди. Айтилган соатда ўзи томон тез одимлар билан келаётган қарияни кўрди. Миннатдорчилик билан чекни қайтариб, қўлга киритган ютуқлари ҳақида ҳаяжон билан гап бошлади. Шу пайт ёнларига югурганча бир ҳамшира келди ва қариянинг қўлидан тутди:

– Топа олмайманми деб қўрққандим, яхшики узоққа кетиб қолмабсиз.

Кейин унга қаради ва хижолатомуз деди: «Сиз, албатта, унинг ёлғонига ишонмагандирсиз. Бу жанобга қариялар уйидан қочиб, шу хиёбонга келиш, кўринган одамга ўзини Жон Рокфеллер деб таништириш шунчаки одатга айланиб қолган…»

Қаҳрамонимиз нима дейишини билмай, узоқлашиб бораётган қария ва ҳамширанинг ортидан ҳайрон қараб қолди. Демак, йил бўйи ишонган, кўнглини тўлдириб, уни янги чўққилар сари етаклаган 500 минг доллар асли йўқ нарсамиди? Лекин шу он эришган ютуқларига асос пул бўлмаганини ҳис қилди.

Унинг ҳаётига таъсир қилга нарса, аслида, ўзидан топгани – катта ва мустаҳкам ИШОНЧ эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.01.2022 14:36
Жуда яхши мотивацион хикоя экан...