«Eurasia Diary» мухбири Қорабоғ уруши вақтида ҳалок бўлган журналистларни ёдга олди

15.06.2021 16:36

Уруш қурбонлар келтиради, жамият тараққиётини ортга суради. Бу жараёнда ҳеч бир ғолиб йўқ, мағлублар бор холос. Икки қарама қарши куч ҳам талофат кўради. Яқинлардан, сафдошлардан айрилади.

Афсуски, уруш балоси журналистлар учун ҳам хавфлилигича қолиб келмоқда. Бу касб заҳматкашлари ҳам аччиқ қурбонликлар бермоқда. Биргина озар ва арман қарама қаршилиги ҳам бир нечта сафдошимизни орамиздан олиб кетди.

«Azertac» мухбири Магеррам Ибрагимов ва AzTV телетасвирчиси Сирож Абишов минада портлаб, ҳалок бўлганлари AzTV режиссёри Эмин Мамедов, ҳайдовчи ва Келбажар туманида яшовчи фуқаро ярадор бўлганлари тўғрисидаги қайғули хабар ҳар бир журналистни оғир изтиробга солади.

Мен шахсан улар билан таниш эдим. Биз бирга ишлаб, бирга ижод қилгандик. Бунинг устига, журналистларнинг бири, яраланган Эмин Мамедов ўзбекистонлик. Фарғона вилоятининг Қўқонида туғилиб ўсган. Уларнинг ўрнида ҳар қандай журналист бўлиши мумкин эди. Келбажар туманида ўз профессионал ва фуқаролик вазифасини бажараётган журналистларнинг минали террор орқали ўлдирилиши бутун жаҳонда қабул қилинган умуминсоний одоб-аҳлоқ қоидалари ва халқаро инсонпарварлик меъёрларининг ўта қўпол бузилиши бўлди. Ҳалок бўлган журналистларнинг оилалари ва яқинларига чин дилдан чуқур таъзия билдирамиз. Айтиш керакки, биринчи Қорабоғ уруши вақтида кўплаб журналистлар ўлдирилган эди. Бу рўйхат янгиланишини ҳеч ҳам истамаган бўлар эдик. 

• 1991 йил 9 январь куни Қорабоғда “Молодежь Азербайджана” газетаси мухбири Салатин Азиз кизи Аскерова;

• 1991 йил 20 ноябрь куни AzTV ходимлари-журналист Али Мустафаев, тасвирчи Фахраддин Шахбазов ва Ориф Гусейнов Каракенд қишлоғи устидан вертолётда учиб ўтаётганда артиллерия ўқлари остида;

• 1992 йил 15 июлда Қорабоғда навбатдаги репортажни тайёрлаш вақтида тележурналист Чингиз Мустафаев;

• 1991 13 август куни Қорабоғда Россия газетаси «Милостивие государи» (Пермь) муҳаррири Валерий Дементьев;

• 1991 йил 27 декабрда Каркижахан қишлоғи яқинида Россиянинг “Маяк” радиостанцияси махсус мухбири Леонид Лазарев;

• 1991 йил 20 сентябрда “Азербайджанфильм” кинотасвирчиси Элхан Алиев бир тўда арман фанатлари томонидан қаттиқ калтакланади, кейин уни гаровга олишади. Қийноқлар натижасида у ногирон бўлиб қолади. Ўша вақтда “Заман” номли турк газетаси мухбири Йилмаз Полад ва AzTV мухбири Надежда Исмаилова ҳам калтакланиб, қийноққа солинган.

Шухрат БАРЛАС (Саламов) 

«Eurasia Diary» нинг 

Марказий Осиё бўйича махсус мухбири

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар