Олий Мажлисда Rost24.uz нинг мардикор бозорда ўтказган ижтимоий эксперименти муҳокама қилинди

12.06.2021 18:28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати”ида халқ вакиллари “Аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг шакллантирилиши ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида”ги масалани муҳокама қилишди. 

Депутатларнинг мазкур масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов жавоб берди.

Халқ демократик партияси аъзоси, депутат Дилбархон Мамажонова rost24.uz сайтида Анора Содиқова томонидан мардикор аёллар бозорида ўтказилган ижтимоий эксперимент ҳақида гапирди. 

“Биз депутатлар кўпинча жойларга чиққанимизда шуни кўрамизки, кунлик марказлар очилишига қарамасдан мардикор бозорларига ҳамон аёлларимиз чиқмоқда. Куни кеча кўрган бўлсаларингиз керак, журналист Анора Содиқованинг 2 қисмлик мардикор бозоридаги аёллар тақдири, қисмати ҳақида ажойиб бир мақоласи эълон қилинди. Бу ҳақиқатга анча яқин. Бизда бир таклиф бор эди. Мардикор бозорида аёлларни ишга жалб қилувчи фуқаролар ёки тадбиркорларни кунлик рўйхатга олиш керак. Аёллар кунлик ишга қаерга кетаётганини назоратга олиш мақсадли бўлади. Бу аёлларнинг хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради. Бунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг мономарказларига вакилларини жалб этиш керак бўлади”, дея ўз таклифини билдирди Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонова.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов бу масала ҳақиқатан энг оғриқли муаммолардан эканини қайд этиб ўтди, ҳамда вазирлик мардикор аёл, эркаклар муаммоларини анча йиллардан бери ҳал қилишга ҳаракат қилиб келаётганини айтди.

"2019 - 2021 йилда 20 та замонавий "Кунлик ишчилар маркази" (таҳ.) қуриш учун 24,6 миллиард сўм сарфладик. Ўйлаган эдикки, муаммолар шу билан ҳал этилади деб, лекин ҳаётда бундай бўлиб чиқмади." – деди  вазир ўринбосари Э.Мухитдинов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.06.2021 08:09
Эссиз шунча пул уйламай килинган иш келтиради ташвиш