Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни Қозоғистон Президенти орден билан мукофотлади

24.05.2021 00:28

Қозоғистон Республикаси Президенти К. К.Токаев Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Ариповга II даражали «Достык» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

«Достык» ордени («Дўстлик» ордени) Қозоғистон Республикасининг энг юқори давлат мукофоти бўлиб, чет эл давлатлари фуқароларига икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилади.

Айни пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бормоқда, уларнинг асосий платформаси савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, шунингдек саноат кооперацияси ва транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликдир.

Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги динамикаси икки қардош халқлар ўртасида ривожланган муносабатларнинг юқори даражасига тўғри келади.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ўзаро алоқаларни ривожлантиришдаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповнинг юқори мукофот билан тақдирланганлиги қўшни қардош халқнинг Ўзбекистонга бўлган ҳурмат белгисидир.

Ушбу мукофот Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 60 ёшга кириши муносабати билан эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, А.Арипов 1961 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси А.Арипов 2016 йил 14 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Шу вақтга қадар у «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар