МУТАХАССИС: Ёғ нархи пасайди, аммо яна кўтарилиши мумкин...

15.05.2021 20:59

Россия ҳукумати жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ёғ маҳсулотлари хомашёсини, кунгабоқар ва соя уруғларига чеклов қўямоқда. Бу дегани келажакда яна ёғнинг нархи ошиши мумкинлигини англатади.

Маълумки, Ўзбекистонда истеъмолдаги ўсимлик ёғи нархи кескин кўтарилиб кетгани учун ёғ нархи арзонлашуви йўлида катта қадам ташланди. Ўсимлик ёғи импортига ҚҚС бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида"ги ҳужжатни имзолади. Мазкур ҳужжатга кўра: 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар тайёр ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи ҳамда соя дони импорти, шунингдек, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва сотиш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмоқда; 

кунгабоқар ва пахта уруғлари, кунгабоқар ёғи ва пахта ёғи маҳсулотларига нисбатан экспорт божи жорий этилмоқда. 

Шу билан айни дамда бозорларимизда ўсимлик ва пахта ёғи нархи барқарорлашмоқда. 

Бироқ, мутахассис кузатувчилар мамлакатимизга импорт қилинаётган, яъни Россия ҳукумати жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ёғ маҳсулотлари хомашёсини, кунгабоқар ва соя уруғларига чеклов қўяётганини айтмоқда. Бу дегани келажакда яна Ўзбекистонда ёғнинг нархи ошиши мумкинлигини англатади.

Хўш, бу маҳсулотнинг нархини барқарор ушлаб туриш учун    қўшимча қиймат солиғидан озод қилишдан ташқари яна нима  қандай ишларни амалга ошириш керак?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев бу борада шундай дейди:

“Бугунги кунда бозорларимизда тадбиркорлар томонидан аввал олиб келинган ёғ маҳсулотларини сотмоқда, чунки 1 май ҳолатидан кейин олиб келинган маҳсулотлар ҳали бозорга кириб келмаган. 

Бугунги кунда ёғ нархини доимо барқарор ушлаб туриш, ҳозир биз қўшимча қиймат солиғидан озод қилганимиз билан бу узоққа чўзилмайди. Биз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни тезроқ хом ашё билан таъминлаш чораларини кўришимиз керак”. 

Маълумотларга кўра, ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпи билан 300 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, аҳолининг талаби эса 400 минг тонна. Бундан ташқари, таркибига ўсимлик ёғи солинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, ошхона ва ресторанларнинг ҳам талаби бор — тахминан 250 минг тонна.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жами 650-700 минг тонналик талабнинг, энг кўпи билан, хомашё етарли бўлса, 300 минг тоннасини қоплай олади, холос. Шу боис муоммонинг асл ечими ҳам  бугун маҳалий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш  ва уларга етарли шарт шароитлар етказиб бериш билан бевосита боғлиқ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар