ШАРҲ: Россия ва Украина ўртасидаги зиддият урушга сабаб бўладими?

13.05.2021 17:21

Кейинги кунларда дунё матбуотида Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар долзарб мавзулардан бирига айланди. 

Айирмачи Донбассдаги вазият кескинлашиши соясида Россия Украинага қарши ҳарбий куч қўллаши борасида хавотирлар кучайди. Бундан аввал Россиянинг 40 минг қўшини Россия-Украина чегарасига, яна 40 минг аскар Қримда тўплангани хабарлари тарқалган. Россия Украина билан урушадими, деган саволлар пайдо бўлган, орада НАТО қўшинлар жамланишини қоралаб ҳам чиққан. 

Айни зиддиятлар саҳнида май ойи бошида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шахсан Киевга ташриф буюрди. Россия билан зиддиятида Украинани яна бир бор қўллади. Ташриф манзарасида АҚШнинг етакчи нашрлари жиддий даъво билан чиқишди. Россиянинг катта сондаги қўшини ҳануз Украина чегараси яқинида қолаётганини ёзишди. Россия Мудофаа вазири ўз қўшинларини ортга қайтаришга буйруқ бергани эса, шу йилнинг 22 апрель куни расман хабар қилинганди.

Шу нуқтаи назардан Россия ва Украина катта урушга киришадими, деган савол пайдо бўлади. Бунга йўқ, деб жавоб бериш мумкин. Сабабларига тўхталсак: 

Биринчидан, расмий Киев Донбассдаги икки исёнчи вилоят – ДХР ва ДХРни қайта ортга қайтариш учун операция бошлаши мамлакатнинг бошқа қисмларида истиқомат қиладиган рус тилли вилоятларда айирмачилик кайфиятини кучайтиради.

Иккинчидан, Россия Федерацияси расмийлари баёнот берганидек, ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида Донбассга қўшин киритади. Бу икки ҳолат Украинанинг парчаланишига йўл очади. Шундоқ ҳам мамлакат шарқидан ташқари, ғарбида ҳам венгерлар ва чехлар истиқомат қиладиган ҳудудларда, Карпат ортида айирмачилик кайфияти кучайган. 

Учинчидан, Европанинг иқтисодий салоҳияти юқори давлатларидан бири бўлиб келган Украинадаги ҳолат абгор бўлиб қолган. Мамлакат оғир иқтисодий-сиёсий инқирозни бошдан ўтказаяпти. Ҳукумат тангликдан чиқиш учун халқаро молиявий ташкилотларнинг кредитларини олишга шу даражада шўнғиб кетганки, қаерга ва қай мақсадда сарфланаётгани номаълум бўлиб қолаётган бу маблағлар эртага халқнинг гарданига оғир юк бўлиб тушмоқда. Узоқ муддатли уруш олиб боришга молиявий аҳволи кўтармайди. 

Президент Владимир Зеленский мамлакат молиявий тизимида пайдо бўлган ёриқларни ямаш ўрнига ҳокимиятдаги умрини узайтириш учун қўшнилар билан муносабатларни кескинлаштириш, Россияга қарши жазо чораларини кучайтириш учун давлатма-давлат кезишда давом этмоқда. Ваҳоланки, қўшни давлатдаги иқтисодий пасайиш Украинада бунданда кескин акс-садо беради. Чунки Украина маҳсулотларининг асосий харидори, асосий бозори Россия.

Ҳар ҳолда Қрим масаласи, Украина шарқидаги низолар, Азов ва Қора денгизни боғлаб турувчи Керч бўғози атрофидаги машмашалар туфайли 2021 йилга келиб мамлакатлар дипломатик муносабатларни узиш ва уруш бошлаш ёқасига келиб қолдилар. Украиналик айрим депутатлар ҳатто парламентга дипломатик алоқаларни узиш ва Россияга қарши уруш эълон қилиш таклифи билан чиқди. Аммо расмий Киев бу ҳаракатларга қўл уролмайди. Бундай шароитда Россияда истиқомат қилаётган 3 миллион украин фуқароси мураккаб аҳволда қолади.

Шундоқ ҳам Киевдаги расмийларнинг пул сўраб ҳали Европа Иттифоқига, ҳали Халқаро валюта жамғармасига зир қатнаётгани иқтисод тешилган кема каби чўкиб бораётганини намойиш этиб турибди. Олдин Ғарб давлатлари собиқ Совет Иттифоқидан ажралган Украинага жон деб қарз берарди. Аммо ажратилаётган пулларнинг коррупция тузоғига илиниб бораётгани, маблағнинг беҳуда мақсадларга сарфланаётгани европаликларни ҳам ўйлантириб қўйди.

Чуқур иқтисодий инқирозни бошдан ўтказаётган иқтисодиёт туфайли аҳоли коммунал хизматлар ҳақини ҳам тўлай олмай қолди, юқори нархлар жамиятдаги кескинликни кучайтириб юборди, ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган ташқи қарз эса мамлакатни банкротлик ёқасига келтириб қўйди.

2021 йилнинг ниҳоясида «Шимолий оқим -2» газ қувури қурилиши ниҳоясига етади. Болтиқ денгизи орқали Россияни Европа билан бевосита боғловчи қувурнинг ишга тушиши Украинанинг транзит сифатидаги ролини йўққа чиқаради. Бундан Украина бюджети бир йилда йўқотадиган даромад 3 миллиард долларга тенг.

2014 йилдан бери аҳолининг турмуш даражаси пасайиб бораётганлиги инқилоблар ҳар доим ҳам бахт келтирмаслигини намойиш этиб турибди. Агар 2013 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 183.3 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 100 миллиард долларга тушиб кетди. 2012 йилдаги 69 миллиардга етган экспорт ҳажми 2021 йилда 40 миллиард долларга тушиб кетди. 2014 йилдаги 4.5 миллион қашшоқлик остонасида яшайдиганлар сафи 25 миллионга кўпайган.

Хуллас, Украина ва Россия ўртасида дарз кетган муносабатлар тикланмас экан, оддий халқ жабр кўраверади. Байрам улар кўчасида эмас, балки икки қардош давлатни гиж-гижлаётганлар ҳовлисида нишонланади. Узоқ умумий тарихга, динга ва қисман тилга эга бўлган бу оға-ини халқлар орасидаги ажралиш жараёни ҳам узоқ тарихга бориб тақалади. Бунга бир нечта сабаблар мавжуд. Лекин тарих бизга доим мамлакатлар орасидаги келишмовчиликларга, асосан икки мамлакатнинг бир-бирига нисбатан жойлашган географик ўрнининг таъсири кучли эканлигини тинимсиз эслатиб келади. Сўнги йиллардаги икки мамлакат орасида юз бераётган сиёсий-иқтисодий тангликлар ҳам Украинанинг яна бир бора икки геосиёсий марказ орасида иккиланиб қолишини оқибати десак, янглишмаган бўламиз.

Тарихга назар солсак, Украина аслида Россиянинг она ватани бўлиб, илк рус давлатчилиги ва славян халқларининг насронийликнинг Проваслав мазҳабига киришлари айнан шу ҳудуддан бошланади. Кейинчалик бу ерда ташкил топган давлатнинг секин-асталик билан ҳозирги Москва ҳудудларигача ёйилиши, сўнг эса парчаланиб кетиши оқибатида аслида бир илдизга эга бўлган халқ икки миллатга ажраб кетади. Айнан шу бўлиниш икки миллатни икки хил тарзда эврилишига олиб келди. Руслар мўғул ва туркий халқлар босқинларидан халос бўлганларидан сўнг ўзларининг ўзлигини асоси қилиб Православ черковини олишган бўлса, Украинларнинг тақдири русларникига қараганда камроқ ҳавас қиларли бўлди. Мўғул босқинларидан кейин Поляк, Швед ва Австрия таъсири остида бўлган Украина давлати ҳам Европа, ҳам Славян ва ҳам Проваслав маданиятлари таъсири остида шаклланди.

Украинанинг бир қисми Пётр 1 даврида Россия Империясига қўшиб олинади, мамлакатнинг қолган қисмлари – жануби Усмоний Турклар, ғарби эса Австрия империяси ҳудудларига бўлиниб кетган эди. Мамлакатнинг бундай тарзда империялар томонидан бўлиниб ташланиши Украина интеллектуал синфи орасида миллий ўзликни англаш, миллий давлат қуриш орзусини кучайтирди. Жумладан, Тарас Шевченко каби ёзувчилар ўз асарларида Украин тили ва маданиятига алоҳида урғу беришган.

Биринчи жаҳон уруши ва Рус инқилоби, Австрия ва Рус империяларини емириши оқибатида Украина 1917 йил 17 мартда ўз мустақиллигини эълон қилади. Мамлакат суверенитети 1918 йил январда Франция ва Британия томонидан тан олинади. Бу давлат 1920 йилнинг биринчи ярмигача яшайди. Лекин шу давр ичида мамлакат бир қанча ҳам ички, ҳам ташқи ҳужумларга дуч келади. Большевиклар, Немислар, Совет Иттифоқига қарши иттифоқчилар ҳамда мамлакат ичидаги анархистлар, большевиклар тарафдорлари ва турли хил миллатчи фракциялар тўқнашадилар. Заифлашган мамлакат Совет Иттифоқига қўшиб олинади.

Гарчи 1920 йиллар Украин маданияти учун нисбатан эркин давр бўлган бўлса-да, Иосиф Сталиннинг ҳукуматга келиши билан Украина учун қора кунлар бошланди. Сталин ҳар қандай миллий ўзликни Совет Иттифоқининг ҳудудий дахлсизлигига қарши ҳаракат дея баҳолаб, Украина аҳолисининг зиёлилар қатламига қаттиқ зарба беради. Бундан ташқари, Россиядаги фуқаролар уруши туфайли 1922 ва 1933 йиллар Украинада ва Совет иттифоқининг бошқа ҳудудларида кенг кўламли очлик ҳукм суради. 1937-1938 йиллардаги қатағон даврида ҳам минглаб украиналиклар қатл қилинади ёки ГУЛАГга жўнатилади. 1939-1940 йиллардаги Совет Иттифоқи ва фашистлар Германиясининг келишувлари асосида Польша ва Руминия икки мамлакат орасида бўлиниб олинади. Ушбу ҳудудлар эса Украина ССР ҳудудига қўшилади.

1941 йилда Совет Иттифоқига Германиянинг ҳужуми бошланади. Сталиннинг репрессив аппаратидан ҳамда ижтимоий-иқтисодий оқсоқланишлардан чарчаган Украина аҳолисининг катта қисми Учинчи Рейх аскарларини озод этувчилар сифатида кутиб олади. Бундан ташқари, бутун Иккинчи жаҳон уруши давомида Украиналиклар орасида фашист Германияси билан иттифоқчи гуруҳлар тузилади. Лекин барча чет эл босқинчиларига қарши курашадиган миллатчи гуруҳлар ҳам мавжуд эди. Шулардан Украина қўзғолончилар Армияси каби гуруҳлар ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, охирги қолдиқлари 1954 йилларда Қизил Армия томонидан йўқ қилинади. 1945 йилда уруш ғолиби бўлмиш Совет Иттифоқи Чехославакияга тегишли бўлган ҳудудларни Украинага қўшиб олади. Ва ниҳоят, 1954 йилда Украинада ўсган Никита Хрушчев, Пераяслав шартномасининг 300 йиллиги муносабати билан Қрим ярим оролини Украина ССР таркибига киритади. Шу билан ҳозирги биз харитада кўриб турган Украина давлатига асос солинади.

Кейинги Совет ҳукумати даврида Украина бошқа Совет республикаларига қараганда тезроқ миллий ўзлигини ва тилини тиклай бошлади. Совет Иттифоқининг парчаланишида ҳам Украина ҳукумати фаол қатнашди ва иттифоқни тугатилишида қатнашган уч мамлакатнинг бирига айланди.

Мустақилликнинг эълон қилиниши билан Россия ва Украина орасидаги энг катта келишмовчилик Қрим ярим ороли ҳамда Севастопол шаҳридаги Рус денгиз флоти хусусида бошланди. 1994 йилда Украина ўз ядро арсеналини Россияга бериш эвазига, Украинанинг суверенитетини ва ҳудудларининг дахлсизлигини тасдиқловчи Бухарест меморандумига имзо чекилади. Меморандум Россия, Украина, АҚШ ва Британия томонидан имзоланади. Қрим ярим ороли ва Севастопол шаҳри хусусидаги келишув 1997 йилда имзоланган бўлиб унга кўра, Москва Қримни ва Севастополни Украинага тегишли ҳудудлар эканлигини тан олади. Лекин рус жамияти ва рус сиёсатчилари Севастопол шаҳрининг Украинага тегишли эканлигини ҳеч қачон қабул қилмади.

1990 йиллардаги Россиядаги иқтисодий-сиёсий турғунлик Украина ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат иқтисоди ва саноати худди бошқа собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари каби Россия билан узвий боғлиқ эди. Айниқса, ҳарбий ва оғир металлургия саноатларида. Бу иқтисодий турғунлик ҳамда Украинанинг жойлашган ўрни унинг бошқа мамлакатлар билан алоқаларини кучайтирди, шу жумладан, Ғарбий Европа мамлакатлари билан.

2000 йиллардан бошлаб мамлакат Ғарб нодавлат ташкилотлари, фондлари ва институтларига ўз эшикларини очиб қўйди. Натижада Украина жамиятида массив либераллаштириш жараёни бошланади, ўз навбатида бу ҳолат сиёсий ҳаётга ҳам тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди ва жараён 2004 йилда Рангли инқилоб билан якун топди. Ғарбпараст кучлар Руспараст кучлар устидан ғолиб келиб ҳокимиятни қўлга киритади. Лекин мамлакат иқтисоди Россия билан узвий боғлиқлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Украинага кўзга кўринадиган ёрдамларни беролмаганлиги туфайли мамлакатда иқтисодий оқсоқланишлар юзага келди. Бунинг оқибати ўлароқ, 2010 йилда ҳукумат тепасига Россия билан яқинлашишга хайрихоҳ бўлган Виктор Янукович келди. 2013 йил охирларига келиб Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодий шерикчилик хусусида келишув имзоланиши лозим эди. Лекин қудратли қўшни кўрсатган босим туфайли Украина шартномага имзо чекишдан бош тортди ва Москва билан янги шартномалар тузишни эълон қилди.

Бундай қарорни қабул қилиниши мамлакатдаги Европага хайрихоҳ кучларни кўчалар бўйлаб оммавий намойишларни бошлаб юборишларига туртки бўлди. Киевнинг марказида жойлашган Мустақиллик майдонида намойишчилар деярли уч ой давомида ҳукуматнинг истеъфо беришини талаб қилиб майдонни эгаллаб турдилар. Намойишлар тинч вазиятда олиб борилди, лекин 18 февраль 2014 йил куни икки томон ўртасида зўравонликлар амалга оширилди. Хавфсизлик хизмати ходимлари ва намойишчилар ўртасида ҳақиқий ўт очар қуроллардан фойдаланиш кузатилади. Тўқнашувлар натижасида 80 га яқин инсон қурбон бўлган ва юздан ортиқ киши яраланган. Вазиятнинг чуқурлашиб кетганидан чўчиган президент Янукович Қрим ярим ороли орқали Москвага қочишга муваффақ бўлади ва Москвадан туриб Украинада давлат тўнтарилиши амалга оширилганлигини эълон қилади. Худди шу даврдан бошлаб Россия ва Украина муносабатлари кескинлик йўлидан ривожланмоқда.

Абдували Соибназаров,
сиёсий шарҳловчи

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар