Туркий Кенгаш: Туркий халқлар бугун бирлашмоқда

31.03.2021 07:35

Бугун Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Аввалига Туркистон шаҳрида ўтиши режалаштирилаётган саммит кутилмаганда онлайн видеоконференция шаклига кўчирилди. Кутилмагани шундаки, Қозоғистонда коронавирус пандемиясининг янги тўлқини бошланиб қолиб, хавфсизлик масаласи кучайтирилиши унинг билвосита ўтишида ҳал қилувчи омил бўлди. 

Асосий саммит йил адоғида Туркияда ўтиши керак эди. Аммо Қозоғистон Республикаси биринчи президенти – Элбоши, Кенгашнинг фахрий раиси Нурсултон Абишевич навбатдан ташқари саммитни ўтказиш ташаббусини илгари суриб қолди. 

Албатта, кўпни кўрган, қолаверса, гарчи лавозими ўзгарганига қарамай, ҳали-ҳануз қозоқ сиёсий элитасида етакчиликни бермай келаётган Назарбоевнинг ташаббусини ҳамма аъзолар ҳам бирдек маъқуллади. 

Адаштирмаслик керакки, мазкур ташкилотга илдизлари туркий тилли бўлган барча давлатлар ҳам аъзо эмас. Ўзбекистондан ташқари, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия унинг аъзолари ҳисобланади. 

Ўзининг асли келиб чиқишини хунларга бориб тақайдиган Венгрия ҳам ташкилотда кузатувчи давлат сифатида иштирок этиб келмоқда. Фақат Туркманистон ўзининг доимий бетарафлик мақомидан келиб чиқиб, меҳмон сифатида қатнашади. 

ЎЗБЕКИСТОНГА НИМА БЕРАДИ?

Биринчи галда Марказий Осиёда ҳал қилувчи ўринга эга бўлган Ўзбекистон давлатининг 2019 йилда Кенгашга аъзо бўлиш қарори Ташкилотнинг мақомини кескин ошириб юборди. 

Узоқ йиллар Биринчи Президентнинг Туркия етакчилари билан шахсий муносабатларидаги араз-гиналик унинг гўёки “тил билан боғлиқ ҳар қандай ташкилотга аъзолик маъқул эмас”, деган баҳонаси билан Ташкилотга аъзолигига тўсиқ қўйиб келди.

Албатта, Каримовга хос қайсарлик ва мустақилликни ҳар нарсадан биринчи қўйиши муҳим омил бўлди. Аммо 90-йилларда Туркиянинг Ўзбекистон билан муносабатларидаги кетма-кетма хатолари ва бир томонлама “катта оғалик”ка интилиши, Ғарбнинг кўмагига таянадиган мухолиф кучларни фаол қўллаб-қувватлаши, туркпараст янги авлодни шакллантиришга тизимли киришгани ҳам кўп жиҳатдан сабаб бўлди, десак тўғри бўлади.   

Аммо Эрдоған ҳокимиятга келгач, турк дунёси билан амалий ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга кўпроқ куч берди. Сиёсий рақиби бўлган Фатхула Гюленга қарши кураш бошлади. Кўп йиллар дунёнинг кўплаб давлатларида ўз тарафдорларини тайёрловчи турк мактаблари фаолиятини ҳам мафкурадан ҳоли ўзанга буришга интилди. 

Бу сабаблар албатта тарих. Асосийси, ҳокимиятга келган янги Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда катта сакрашларни амалга оширди. Бу аввало, “ўзбек халқи учун максимал фойда келтирадиган ҳар қандай йўлдан бориш”, “Каримов даврида “сунъий душманга айлантирилган қўшнилар” билан дўстлашиш”, “номатлуб давлатлар билан “яхшиси узоқроқ юриш” тенденциясидан тушунмаган давлатни “чуқурроқ ўрганиш” тамойилларига ўтилди.

Ҳа, тўғри, Туркия хато қилди, аммо у катта давлат, тили бир мамлакат, иқтисодиёти юксалаётган юрт. Қолаверса, бу ерда ҳеч бир аниқ ҳисоб-китоби юритилмайдиган камида 300 минг ўзбек миллатига мансуб фуқароларимиз тирикчилик қилмоқда, юртига юз миллионлаб доллар маблағ ўтказаяпти. 

Ўзбекистон етакчиси агар номи кўп йиллардан буён янграйдиган, лекин амалда реал кучга эга бўлмаган айрим мухолифлар билан боғлиқ муаммо бўлса, уни ҳам қочиб, қовоқ-араз қилиб юрмасдан, фақат яқиндан мулоқот олиб бориш йўли билан ечиш таклифини илгари сурди ва замонавий ташқи сиёсатнинг энг концептуал ёндашувидир.  

Буларнинг барча-барчасини ҳисобга олиб, Қирғизистоннинг Чўпон-ота шаҳрида ўтган Ташкилоти саммитида илк бора қатнашган Ўзбекистон кейинги йил Бокуга тўлақонли аъзо бўлиб борди. Расмий Тошкентнинг ўтган икки йилдаги қизиқарли ва ҳаётбахш таклифлари ва уларнинг амалий ижроси бу алоҳида мавзу. Бироқ шуниси аниқки, минтақа юрагида жойлашган ва барча турклар ўзининг “ота юрти” деб атайдиган Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши унинг кучини ҳам, қудратини ҳам, 35 миллионлик аҳолиси билан жозибадорлигини ҳам ошириб юборди.   

ҚОРАБОҒ – КАТТА САБОҚ

Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг 30 йиллик қалб оғриғи эди. У кўпинча бу ҳаёт-мамот масаласида Туркий давлатлар унинг позициясини етарлича ва муносиб даража қўллаб-қувватлаб келмагани учун анчайин норози ҳам бўлар эди. 

Ўзи бу баҳсли ҳудудни расмий Боку бир кун келиб қайтариб олишига кўпчилик ишонмасди ҳам. 

Бироқ, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев шер ўз ўлжасини қулай вақт етгунига қадар сабр билан кутганидай жуда узоқ ва пухта тайёргарлик билан кутган экан. Имконият бўлиши билан бошлаб юборган кенг кўламли урушида у жуда ҳайратланарли ғалабага эришди. 

Россиянинг сўнгги дақиқалардаги аралашуви билан Қорабоғни тўлиқ қайтариб ололмаган бўлса-да, аммо тарихий ғалабага эришди. Бу зафар ортида Туркиянинг фаол ҳарбий ва тактик қўллаб-қувватлаши турганини ҳам бутун дунё билиб турибди. Устига-устак, Қорабоғда тинчликни сақлаш важи билан турклар ҳам ўз ҳарбийларини киритди. 

Бир сўз билан айтганда, қардошлик ва бирдамлик руҳи Озарбайжон мисолида жуда катта натижа берди. Расмий Москва ўзинг анъанавий ҳарбий-сиёсий таъсир доираси деб қарайдиган бу минтақага Анқаранинг кириб келиши унга ёқмаслиги аниқ. Лекин руслар истайдими-истамайдими, Туркиянинг ўсиб келаётган қудрати билан ҳисоблашишга мажбур.

Қолаверса, охирги ойларда айрим рус амалдорларининг Қозоғистон ҳудудий суверенитетига қарши айтилаётган жуда қўрқинчлик баёнотлари, Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий-иқтисодий қудрати Марказий Осиё мамлакатларини бошқа куч марказлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ундамоқда. 

Бу уларнинг гарчи очиқ-ошкора айтишаётган бўлмаса-да, ўз хавфсизлигини таъминлашда, ҳарбий жиҳатдан Туркияга ишонч билдираётганини ҳам тасдиқлаб турибди.   

    АФҒОНИСТОН ҲАМ ҚЎШИЛИШИ МУМКИН...

Албатта, бу икки омилдан ташқари, Туркиянинг иқтисодий салоҳиятини ҳам барча аъзоларни ўзига қизғин жалб этади. 

Туркий Кенгашдан ташқари, бош қароргоҳи Анқара шаҳрида жойлашган Туркий маданият халқаро ташкилоти, Бокудан қўним топган Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Нур-Султон шаҳридаги Халқаро Турк академияси ва Ишбилармонлар кенгаши, 2019 йилда Венгрия пойтахти Будапештда очилган Туркий тилли давлатлар кенгаши ваколатхонаси каби тузилмалар ҳам мавжуд.

Ўзбекистон бу тузилмаларда иштирок этиш масаласини муҳокама қилаётгани аниқ. Шу билан бирга, фақат Бишкек ва Тошкент шаҳри Ташкилотнинг бирор тузилмаси йўқлиги билан ажралиб турибди. Ўзбекистон бу бўшлиқни албатта, тўлдиришга ҳаракат қилиши тайин. Қирғизистоннинг янги етакчиси Жапаров ҳам қўл қовуштириб ўтирадиганга ўхшамайди. 

Туркманистон эса ҳозирча қўшилиш нияти йўқ. Аммо Афғонистон Раҳбарияти ташкилотга кузатувчи бўлишни истаётгани ҳақида охирги пайтларда анчагина гап сўзлар пайдо бўлди. Афғонистон ҳукумати туркий халқ бўлмагани ҳолда, бу позициясини мамлакатда учинчи расмий тил сифатида ўзбек тили амал қилаётганини ва у туркий оилага мансублигини асос қилиб кўрсатмоқда. Демак, истиқболда унинг ҳам ташкилотда иштирок этиш масаласи кўриб чиқилиши аниқ. 

Нима бўлганда ҳам бугун Саммитда янграйдиган барча фикрлар биз учун ҳам ниҳоятда муҳим ва долзарб эканлиги аён.

Шерали ОТАБОЕВ, журналист. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.04.2021 07:35
Бирлашган узар бирлашмаган тузар Деган макол аждодларимиздан колган Аммо душман ичимизга Миллатчилик ё бошка катта огачилик фитналар солишидан огох булишимиз Керакмикин?