Эндиликда ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлар 15 суткага қамалади

26.03.2021 12:17

Шу вақтгача кўча-куйда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилганлар жазоланмас, эгасиз кучук ёки мушукларни уриб юборган ҳайдовчилар жавобгарликка тортилмас эди. Эндиликда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши кутилмоқда. Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. 

Депутатлар таклифига кўра ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда.

Айни мавзу юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўйича фракциялараро дебат ўтказилган. Дебатда қонун лойиҳасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказганлик билан боғлиқ янги ҳуқуқбузарликлар турларини ва улар учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Бундан ташқари шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш жамоаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш қийноққа солиш кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда.

Юзага келган вазиятлардан келиб чиқиб, Жиноят кодекси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларнинг қийноққа солиниши ёхуд уларга азоб етказилиши уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни белгиловчи янги 2021-модда билан тўлдирилмоқда.

Ўз навбатида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, биринчи қисмида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларни қийноққа солганлик ёки азоб етказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан беш баробаригача миқдорда жарима, иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ёки вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилганлиги ёхуд ҳайвонларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар