Пойтахтдан кўрсатилаётган муаммолар

23.03.2021 11:54

Президентимизнинг вилоятларга сўнгги икки ташрифи давомида кутилмаганда протокол йўналишларини ўзгартириб, вилоят казо-казолари у ёқда турсин, етти ухлаб тушига кирмаган маҳаллалар оралаб аҳоли ичига бевосита кириб бориши аввалдан тадорик кўриб, камчилигини яшириб, яхшисини ошириб юрган вилояту туманларнинг тўраларини анчайин довдиратиб қўйди.

Давлат раҳбарининг Наманганга сафари давомида шаҳардан 8 километр узоқликдаги “Бунёдкор” МФЙ биносидаги харобалик, маҳаллага элтувчи инфратузилмаларнинг ёмонлиги Президентнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Муаммони жойида ҳал этишга бел боғлаган вилоятнинг янги ҳокими Шавкат Абдураззоқов шу маҳалланинг ўзида контейнер уй қуриб, эски “Бунёдкор”ни қисқа муддат ичида янгича қилиб юборишга ваъда берди.

Аммо охирги кунларда эълон қилинаётган маълумотлар ва расмлар “контейнер” деган матоҳнинг оддий меҳнаткашлар ётиб ишлайдиган камтаргина вагонча эмас, балки яхшигина харажат талаб этадиган “комфорт” дала-ҳовлини кўрсатиб турибди.

Наманган вилоят ҳокимлиги тарқатган ахборотга кўра, “Вилоят ҳокими уйи” деб ном берилган гўша бир неча контейнердан иборат бўлади ва унда яшаш учун барча шароит муҳайё қилинади.

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар сабаби шуки, ҳоким маҳалладаги муаммоларни ечиш ўрнига катта маблағ сарфлаб ўзига шароит яратиш билан банд бўлиб қолмоқда, деган ҳақли эътирозлар бўлмоқда.

Аслида бу ердаги аҳволни яхшилаш учун контейнер қўйиб ётиб олиш ҳам шарт эмас. Масъул ўринбосар ёки туман мутасаддисини қўйиб, ишни ташкил қилиш кифоя. Акс ҳолда вилоят ҳокими юзлаб маҳаллаларга шу зайлда яшаб чиқишига тўғри келади. Гўёки, фақатгина Бунёдкор маҳалласида вазият оғирдек шу маҳаллага жон-жаҳди билан ёпишган.

Қолаверса, аҳолининг асл муаммоси фақат маҳалла идорасини қуриб қўйиш, катта йўл бўйини обод қилиш ёки кўча деворини оқлаш, ариқ четига гул экиш, ўнқир-чўнқир кўчани текислаб, шағал ётқизиш билан ҳал бўлмайди. Муҳим инфратузилмаларни яратиш, узлуксиз шароитларни муҳайё этиш керак. Уларга иш ўринлари зарур, даромад топадиган манбалар керак.

Ҳокимдан қўрқиб томорқасига кўчат қадаган мардум раҳбар кетгач унга сув ҳам қўймай қўйиши, эски ҳаммом эски тослигича қолавериши мумкин. Яп-янги электр “столба” электри доимий узилиб турса, миллионларга ўтказилган қувурлар ҳам занглаб ётса, ундан не наф?

Ўз аравасини тортиб тирикчилиги изига тушиб кетган одамларга мажлисбозлигу ақл ўргатишлар ортиқча, эшигини тақиллатиб нимани қандай экишни ҳам ўргатиш маънисиз ва фойдасиздир.

“Контейнер уй шаҳарнинг бирин-кетин обод қилинадиган маҳаллаларида ҳоким билан бирга кўчиб юришга мосланаётгани” эса ўхшамаган пиардир.

Агар ҳокимлар ҳақиқатдан бу муаммоларни билмагану мамлакат раҳбари бориб кўрсатиб бергачгина сезиб қолган бўлса, бу катта фожиа. Унда шу зайл пойтахтдан бориб яна қанча муаммоларни кўрсатиб бериш керак деган савол туғилади.

Агар буни билган бўлишсаю, Президент келиши арафасида ҳам чорасини кўришмаган бўлишса, унда оддий аҳоли билан ҳам ҳеч ким ҳисоблашмаган бўлади.

Энди шу жойда савол туғилади: Наманган вилоят ҳокимининг олдига иш билан келган амалдорлар ва аҳоли уни қаердан топади. Ҳокимиятдан бир неча чақирим йўл босиб маҳаллага келишадими? Вилоят раҳбарининг вақти қандай регламентлаштирилади?

Бир пайтлар номи бору ўзи йўқ матбуот котиблари институти охирги йилларда тизимли яратилгани нисбатан бўлсада, маҳаллий ҳокимликларни ҳам ахборот сиёсати борасида очилишга мажбур қилгани рост. Аммо пиар имижини матбуот котиблари тўлиқ таъминлаб бера олмаётгани ҳам ҳақиқат.

Имижмейкерлар керак...

Барча ҳокимлар ўз обрў ва эътиборини ўйласа, албатта имижмейкер штатини очиши керак.

Имижмейкерлар бўлганда селекторни бир соатдан ортиқ чўзмаслик, пахта даласига янги костюм-шим билан кирмаслик, қабул вақтида сўкинмаслик, бекорчи ва тантиқ ўғил тугул ўзи ҳам қимматбаҳо машиналарда юрмаслик, қариндош-уруғига тендерда қурилиш лойиҳаларини тасдиқлашга топшириқ бермаслик каби жиноятга бошлайдиган ҳаракатлардан тийиб қолган бўлармиди...

Инвесторни кўчада қабул қилмай, кунлаб куттириш фойда эмас, зарар эканлиги, ҳокимият биносининг атрофини темир тўсиқлар билан ўраб олиш ва одамларни қачон қабул қилиш вақтини белгилаб қўйиш нотўғри эканлигини, фермернинг ерини тортиб олиш, тадбиркорнинг мулкини бузиб ташлаш жиноятлигини, танқидга бош беролмай маҳаллий блогерни қамаб қўйиш глобал даражада сўз эркинлигига таҳдид эканлигини тушунтириб берадиган имижмейкерларга албатта қулоқ тутиш керак.

Туман ҳокими бир ҳафта-ўн кунга даволанишга кетса, ўрнига ўроқда йўқ, машоқда йўқ мактабни энди тугатган тажрибасиз ёшни ҳоким қилиб қўйишнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилмаган, қонунга зид ҳаракатлиги, ҳокимлик лавозими тажриба ўтказадиган лаборатория эмаслиги ҳақида очиқ айтадиган маслаҳатчилар керак.

Яхшироқ имиж яратишни истаган ҳокимлар албатта бу каби мутахассислар тавсия ва фикрига қулоқ тутиши, ўзини мутлақо жаҳон тутиб, билганим билган, айтганим айтган, деган эскича қарашдан воз кечиш лозим.

Ҳалигача касб сифатида рўйхатдан ўтмаган имижмейкерлар нафақат образ, балки раҳбар қиёфасини яратишга хизмат қилади. Очиғи, охирги йилларда ҳокимларнинг фақат ташқи сифатларини кўкларга кўтариб, йўқ нарсаларни бордай кўрсатаётган матбуот хизматлари ходимлари қийналиб кетишди, журналистларни ҳам эзиб юборишди.

Уларнинг ички намунали фазилатларини (агар бўлса) яққол кўрсатиш, халқнинг чинакам фидойи раҳбарлари, уларни кўрганда симпатия уйғонадиган, ижобий шахслар сифатида шакллантиришда бу касб вакиллари хизматларидан жуда унумли фойдаланишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бу орқали вилоятлар йиғилиб бутун Ўзбекистоннинг умумий имижи ҳам яратилади ва халқаро майдондаги нуфузи ҳам шаклланади.

Маҳалла раислари собиқ ҳарбийлардан танланиши мантиққан тўғрими?

2021 йилда 2951 та маҳалла бинолари қурилиши учун 1,7 триллион сўм ажратилиши ҳам анчагина баҳсли. У давлат-хусусий шериклик асосида қуриладими, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларидан қуриладими, маҳалла биноси одамларни иш билан таъминламайди, аксинча маҳаллий бюджетларга қўшимча юк бўлади.

Аҳолига хизмат кўрсатувчи маҳалла раисига муҳташам кошона қуриш шарт эмас, балки исталган бирорта корхона, мактаб, боғча ва ижтимоий обеъктни ёки ўз уйининг кўча томонидан бирор хонани мослаштириб берилса ҳам бўлаверади. Чунки маҳалла раисининг куни кўчада ўтади, иши эса халққа хизмат.

Бунча маблағни фоизсиз кредитларга, иқтисодиётнинг реал секторига ажратиш ниҳоятда катта самара бериши аниқроқ эканини иқтисодчи бўлмаган оддий одам ҳам яхши англайди.

Кўпгина муаммоларимиз илмсизликдан, принципсизликдан келиб чиқмоқда. Ҳеч бўлмаганда, сўнгги 25 йилда йўқолиб кетган маҳалла кутубхоналари тизимини қайта тиклаш ва унинг ичини адабиётлар, қўлланмалар, газета журналлар, электрон китоблар билан тўлдириш тизимини йўлга қўйсак мамлакат маънавий-ижтимоий иқлимига кўпроқ фойдали бўларди.

Маҳалла раиси ўзи ҳам ўқиб ўргансин, бола пули сўраб келган ва турмуш ўртоғи Россияга кетган аёлга шилқимлик қилмасин. Маҳаллалар раиси 50 ёшдан ошган бўлиши шарт эмас. Инновацион ёндашуви ва ғайрату шижоати бўлса 30 ёшда ҳам гуллатиб ишласа бўлади.

Албатта маҳалла биноси гўзал ва кўркам бўлиши яхши. Аммо шаклбозлик кетидан қувиб, мазмунни бой бериб қўяпмиз. Янги биноларни мебель, маиший техника ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш харажатларини “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, ҳокимиятларнинг грантлари, кредитлари ва қўшимча маблағлари ҳисобидан қопланиши табиийки, шубҳали саволлар уйғотади.

“Маҳалла” каби халққа молиявий ҳолати тўғрисида шу пайтгача очиқ ҳисоботлар тақдим этмаган жамғармага миллиардларни ўтказиш, ҳамма маҳалла биносини бир хилдаги “намунавий бино қиёфаси”да қуриш беўхшов монолитликни кучайтиради, эски советлар даврини эслатади. Ҳар бир маҳалла алоҳида организм бўлса, унинг қиёфаси ҳам ўзига хос бўлиши керак эмасми?

Қолаверса маҳалла институтини қанчалик “давлатлаштиргани” сари у ўзининг асл илдизу моҳиятидан, ижтимоий тузилма – жамоатчилик ташкилоти, ўзини-ўзи бошқариш органи сифатидаги мавкиедан тобора узоқлашиб бормоқда. Уларнинг ишига жойлардаги ижроия ҳокимияти раҳбарларининг бевосита аралашуви халқаро андозалардаги жамоатчилик тузилмасига нисбатан қарор топган тушунча ёндашувлардан анча фарқ қилади.

Жамоат ташкилотларига масъул бўлган, ўзининг очиқлиги ва демократик принциплари билан танилаётган Адлия вазирлиги албатта маҳаллаларни ягона вазирлик орқали бошқаруви нечоғли ҳуқуқий асосга эга эканлигига ўзининг ҳуқуқий баҳосини бериш керак.

Маҳаллаларнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига бириктирилиши ва бу тизим ходимларининг ички ишлар органлари ходимларидан танланиши эса тизимни полициялаштириди ва албатта инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган тамойилларига зиддир.

Тошкентдан қанча-қанча сарф-харажат қилиб, блокнот кўтариб, ҳар бир уйнинг дарвозасини тақиллатиб, “Нима муаммо бор”, деб ҳал қилиб бўлмайдиган ишларни қоғозга қуруқ ёзиб кетишни ҳам бас қилиш керак.

Ўзи муаммоси билан идорага келган, хат билан мурожаат этган, оммавий ахборот воситаларида чиқаётган одамнинг мушкули осон қилинса ҳам кифоя, олам гулистон. Бу ўринда аввалроқ Фарғонада “Шодиёна” маҳалласида аҳоли раиснинг ишларидан норози бўлиб ёзғирганини ҳам унутиб бўлмайди.

Ҳоким албатта уддабурон, халқпарвар, фидойи ва меҳнаткаш бўлиши мумкин. Аммо ишни тизимли ва интеллектуал даражада ташкил қилмаса, қилаётган хайрли амаллари тескари акс-садо бериши мумкин.

Наманган вилояти янги ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳам иш бошлаш арафасида шундай зиддиятли вазият билан тўқнаш келаётгани сир эмас...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.03.2021 10:04
Ёзганниям, эълон қилганниям ота онасига раҳмат. Аллоҳ барака берсин. Давлат раҳбарига етиб бориб тўғри хулоса чиқарсин.