Давлат идораларида ходимлар ҳамон 24 соат ишламоқда. НЕГА?

16.03.2021 18:33

ЁКИ ШУНЧАКИ ДАВЛАТНИНГ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ САРФИНИ ОШИРЯПТИМИ? 

Иш вақтининг белгиланган вақтдан ортиб кетиши ва бу меҳнат унумдорлигига зарар экани ҳақида кўп гапирилди ва тегишли қонунлар ҳам оммага эслатилди. Лекин, бугун вазирларнинг гаплари ўзларининг ҳам эсларида йўқ шекилли. rost24.uz мухбирлари кеч соат 19 - 21:00 вақт оралиғида давлат идораларини кузатиб фототасвирга олди.

Суратдаги тасвирларга қараб ўзингиз баҳо беринг, ташкилотларда чироқ ўчмаган, бино атрофидаги автомобил қўйиш жойлари тўла ва ҳатто бино ичида қоғоз кўтариб юрган ходимлар ҳам яққол кўриниб турибди.

Сўз ва амал бир хилми?

2020 йил бошида Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига меҳнат қонунлари ва ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш буюрилган. Давлат органларига иш вақти тугагандан кейин ходимларни ушлаб туриш ходимларнинг иш унумдорлиги пасайиб кетиши ҳамда моддий таъминот (электр энергияси, табиий газ, оргтехника ва бошқа) харажатларининг кўпайишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»даги қонуннинг 6, 25-моддаларига мувофиқ иш тутилиши қатъий таъкидланган эди.

Ўтган йилнинг 3-4 февраль кунлари давлат органлари ушбу буйруқни бажариш тўғрисида буйруқлар қабул қилди ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида роса мақтаб гапирилди. Биринчилардан бўлиб матбуот анжумани ўтказган Адлия вазири Русланбек Давлетов “24 соат эмас, ақл билан ишлаш керак” деганди. 
 

Ўшанда у Адлия вазирлигида хизмат компьютерлари иш куни якунлангач, автоматик равишда ўчирилганини, раҳбарият ходимларнинг меҳнат соатидан ташқари ишхонада қолиб кетишига қарши курашмоқчи эканини ОАВга гапириб берган. Бу тажриба самара бермаган чоғи ҳозирда 18.00 тугул 21.00 дан кейин ҳам адлия вазирлигида чироқлар ёниқ. Ваҳоланки, жаноб вазир 2020 йил 3 февраль куни бу тизим самара бераётганини айтган эди:

«Адлия тизимида шуни йўлга қўйдик, назорат ҳам қиляпмиз. Бу унумдорликка ҳам таъсир қиляпти. Кейин кўп ишлашнинг икки юзли муаммоси бор: биринчиси, иш берувчи томонидан мажбур қилиб ўтириш бор, иккинчиси, ишчининг ўзи ўтириши бор. Ўтир, демаса ҳам шунақа бир корпоратив маданият шаклланганки, Японияда бошлиқ кетмасдан ҳаммаси ўтираверади. Корея ҳам худди шундай: кўп ишлаш муаммоси бор. Лекин бизда, асосан, иш берувчининг мажбурлаши орқасидан ўтирадиган ҳолатлар кўпроқ. Ўзбекистонда шуни биз таҳлил қилиб, ўчиришга мажбур бўлдик», деган эди ўшанда вазир Русланбек Давлетов.

Вазир ишдан ташқари соатларда ҳам ишлайдиган ходимларнинг фаолиятидаги салбий натижаларни санаб ўтган. Унга кўра, меҳнат соатидан кейин ишхонада қолган ходим:

оилавий муносабатлар ва яқинларига кўп вақт ажратмайди;

иш режаси нотўғри ташкил этилади;

энергоресурслардан оқилона фойдаланмайди;

унинг меҳнат маҳсулдорлиги тушиб кетади.

Бу гаплардан кўриниб турибдики, вазир ишдан ташқари ишлашнинг салбий оқибатларини англайди? Лекин, нега амал қилмайди? Бу гаплар шунчаки ОАВ учун айтилганмиди ёки ёш вазиримиз йиллар давомида шаклланган анъанага қарши чиқаверишдан чарчадими?..

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги биноси атрофини тасвирга муҳрланган фотодалилларимизга эътибор беринг...
 

2020 йил бошида бундай ҳолатни қоралаб чиққан вазирлик фақат Адлия вазирлиги эмасди. Давлат меҳнат инспекциясининг иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунлари ходимларни ишга жалб қилиш бўйича меҳнат қонунларига риоя этилишини назорат қилиши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусановнинг буйруғида ҳам акс этганди.

Бу назорат натижаларини биз кўрганимиз йўқ. Тўғри бироз аввал Давлат меҳнат инспекцияси ходимларни иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунлари ишлатиш тақиқланади, дея икки энлик хат билан ОАВда эслатиб ўтган эди. Аммо қоғоз ва амалиёт бошқа-бошқа масалалар экани фоторепортажга муҳрланган тасвирлар янада аёнлаштирди. 

Кимга фойда кимга зарар?

Маданият вазирлиги

Маданият вазирлиги атрофини тасвирга олган фотомухбир, “вазирлик атрофида соат 20:00 га яқинлашса-да хизмат ва шахсий машиналар билан гавжум эканини…" айтади. Деярли ишхоналарнинг кўпида чироқлар ёниқ ҳолатини тавсирга олди.  

Биз вазирликларда ишлайдиган ходимлар билан ҳам суҳбатлашдик:

 – Хўш бу масалани кўтаришни нима кераги бор, — дейди ўзини таништиришни истамаган мулозим. – Ўтган йили бу қоида жорий этилганди. Нима бўлди? Ишлайдиган ходим қийналди. Бизда меҳнат тақсимоти тўғри йўлга қўйилмаган. Айрим ходимлар ўшанда 18.00 бўлиши билан компьютерини ўчирди ва кетди. Телефонларини ҳам ўчирди. Виждони борлар эса, ишини қўлтиқлаб уйига бориб ишлади. Давлат идораларида ҳар хил ходимлар бор. Кимдир ўз ишини сидқидилдан бажаради, кимдир ўз ишини бошқаларга узатиш билан шуғулланади. Сиз айтаётган қоида ўшандайларга қўл келади. Улар муомаласи билан ютиб кетаверишади. Ишни қилса ҳам хато бажаради ва ҳаммаси яна иш биладиган одамни бўйнида. Иш биладиганлар сони эса афсуски кам...

– Қўшимча ишлаганингизга пул бериладими?

Йўқ. “Премиялар” берилади, лекин бундаям бошлиққа ким ёқса, яқин таниши бўлса ўшанга кўпроқ берилади. Ишга қараб камдан кам раҳбарлар мукофот пули ёзса керак. Шу сабабли ҳам яхши иш бера оладиган ходимлар узоқ қолмаяпти давлат идораларида...
 

Ташқи ишлар вазирлиги  “Аллақачон шаҳарга оқшом чўккан бўлса-да, бу вазирлик худди кундуз кунгидек қизғин иш палласида бўлса керак”, дея тарифлайди ҳудуд атрофини суратга олган фотомухбир.

Ташқи ишлар вазирлиги

Яна бир бошқа вазирликнинг ходими тунда ҳам ишлаш билан боғлиқ, бироз бошқачароқ асосларни айтди. Унга ҳам босим бўлиши мумкинлиги, ҳозирги шароитда ишдан бўшай олмаслигини айтиб шундай фикр билдирди:

Ҳамма нарса каттароқ тузилмаларга бориб тақалади. Айтайлик вазир соат 18:00 да бошланадиган қандайдир мажлисга кетди. У шу куниёқ келиб одатда яна мажлис ўтказади. Ўша куни олган топшириғимизни эртаси куни бажаришимиз керак. Жуда кам муҳлатга катта топшириқлар берилади. Яна бир жиҳат тури ҳисобот-у, таблицалар, уларнинг айримлари умуман мақсадсиз бўлади. уларни тўлдириб жўнатамиз. Қолаверса турли учрашувлар, йиғилишлар ва ОАВларнинг саволларига жавоб беришгаям вақт кетади. Буларни ҳаммасини эса бир иш кунида тугатиб бўлмайди. Тўғриси роса чарчаганман... Ҳозир 10 бўлди, уйга кетаяпман, эртага 9 да яна ишда бўлишим керак...

Марказий банк



 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
30.10.2021 15:28
ha ish vaqtini aniq 18 00 qilib qattiy nazoratga olish kerak hammani ham oilasi bor vaqtida borib dam olish kerak i usha ish bermidigan hodimlarni ham ish unumdorligini kun davomida nazoratga olib,har bitta hodimga berilgan topshiriq rejasini 18 00gacha tamomlaydigan darajada ish tashkil qilish kerak.Vaqtida ketgan hodim albatta ozida charchogi chiqib ozida yengilik his qiladi va bu albata ish unumdorligini oshirishga sabab boladi albatta.
19.03.2021 20:22
Ассалому алайкум жудда Зур макола бу́либди
18.03.2021 08:16
rost24 нега ёлғон ёзмоқда? Давлат идораларида ходимлар 24 соат ишлаётганига далилингиз борми? Ёки сизлан АКТ вазирлигининг буюртмаси билан ёздингизми бу мақолани? Боринг ана соат 9 дан сиз ёзганингизде 21-00 гача ишлаган хам бўлса бу 24 соат дегани эмаску, 12 соатку, наҳотки санашни билмасангиз? Ташқи ишлар вазирлиги кўп мамлакатлар билан ишлаши, уларнинг иш вақти часавой поясга қараб турлича эканига ақлингиз ётмадими ёки фаросатингиз? Аниқроғи - сиз заказга ёзадиган сотқин журналист эканлигиздир балки?
18.03.2021 06:57
Фойдаси йук, барибир соат 6 дан кейин текинга ишлатишади. У хам етмагандай, эрталаб 9 дан кейин ишга кеч келса, тушинтириш хати езгин дейди. Бунака мантиксиз иш фаолият факат бизнинг Узбекимионда бор.
17.03.2021 14:10
Нима кераги бор экан а натижаси бўлган масалаларни кўтариб чиқиб, барибр фойдасиз эканлигини ҳамма биладику.
17.03.2021 08:18
Kimdir nazorat qilish kerak-ku odam ezilib ketdi. Bolalarni ko'rish uchun yuyga boramiz