Депутат телеграмда жинсий қувватни оширувчи маҳсулотни нега тарғиб қилгани бўйича изоҳ берди

19.01.2021 15:39

Биз аксарият депутатларимизни асосан маънавият тарғиботчилари сифатида биламиз. Улар ўз телеграм ва фейсбук саҳифаларида ўта расмий маълумотлар, умумий ҳарактерга эга бўлган мулоҳазаларни бўлишиш билан чекланадилар.

Rost24.uz ахборот сайти бошқа депутатлардан фарқли ўлароқ жинсий қувватни оширувчи табиий воситаларни реклама қилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатини топди ва у ҳақда мақола эълон қилди.

Депутат Урал Ўразбоевнинг ўз каналида жинсий қувватни оширувчи табиий воситасини реклама қилиши ҳақида материал эълон қилингач, у бизга мурожаат билан чиқди. Урал Ўразбоевнинг айтишича, ўзининг шахсий каналида реклама қилган маҳсулот иммунитетни кўтарувчи восита ҳисобланади. У мазкур воситани ўз отаси учун сотиб олган.

Шунингдек, депутатнинг иддао қилишича, у ўз шахсий каналида қандай воситаларни тарғиб қилиши унинг шахсий иши ҳисобланади.

Депутат реклама қилган восита отасини даволашда яхши самара берган иммунитет кўтарувчи восита эканини айтиб даъво қилмоқда. Аммо, Урал Ўразбоев каналида “Женшень” воситаси жинсий қувватни оширувчи восита сифатида тавсия қилинган эди.

Қизиқ, халқнинг парламентдаги вакили бўлган шахснинг ижтимоий тармоқдаги канали қанчалар шахсий бўлиши мумкин? Қонунчилик палатаси вакили жамоатчилик эътиборидаги шахс эмасми? Унинг қайсидир махсулотни реклама қилиши қонунчиликка тўғри келадими? Парламент вакилининг телеграм каналидаги маълумотлар у фаолият юритаётган расмий жой обрўсига путур етказмайдими?

Бу саволларга фаол депутатлар ёки Қонунчилик палатасининг матбуот котиби жавоб беради, деган умиддамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар